Жаҳон | 12:01 / 15.02.2022
19904
2 дақиқада ўқилади

Зеленский 16 феврални Бирлик куни деб эълон қилди. Россия шу куни Украинага ҳужум қилиши тахмин қилинганди

Украина президенти Владимир Зеленский миллатга мурожаатида 16 февраль давлат байрами — Украина бирлиги куни бўлишини эълон қилди.

«Бизга 16 февраль ҳужум куни бўлишини айтишмоқда. Биз бу санани мамлакатда халқ бирлашуви куни қиламиз. Тегишли фармон аллақачон имзоланган. Шу куни миллий байроқларимизни баланд кўтарамиз, кўк-сариқ ленталар тақамиз ва бутун дунёга Украинанинг бирлашган халқ эканини намойиш қиламиз», — деган Зеленский.

Зеленский ҳозирда Украина давлати «ҳар қачонгидан кучлироқ экани» ва ҳар қандай таҳдидга қарши туришга тайёрлигини айтган.

Зеленский ҳукуматга бир кун ичида «Украина жамиятини жипслаштириш» бўйича режа тайёрлаш бўйича топшириқ берганини айтган. Бу режа ҳарбий хизматчиларнинг маошини ошириш ва одамларни «хавфсизлик бўйича реал вазият» ҳақида хабардор қилувчи ахборот платформасини яратишни ҳам назарда тутади.

Шунингдек, Украина армияси 8 йил олдингидан кучли экани, Европадаги хавфсизлик украин армиясига боғлиқлиги ва мамлакатни ривожланган давлатлар қўллаётгани айтиб ўтилган.

  • Аввалроқ Ғарбдаги қатор нашрлар разведка хизматларидаги манбаларига асосланиб, 16 февраль куни Россия Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Politico нашри маълумотига кўра, АҚШ президенти Жо Байден НАТО вакиллари билан суҳбатда бу санани эҳтимолий босқин бошланиш санаси сифатида келтирган. Оқ уй бу маълумотни расман тасдиқламаган ва рад этмаган.

Мавзуга оид