Ўзбекистон | 07:58 / 16.02.2022
2128
3 дақиқада ўқилади

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланади

Президентнинг «Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган:

  • Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури;
  • Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича миллий комиссияси:

а) миллий таълим дастури ва «Йўл харитаси»нинг амалга оширилиши юзасидан:

  • мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
  • доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий марказининг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилишини таъминлайди;
  • ҳар олти ойда Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон президенти администрациясига умумлаштирилган маълумот киритилишини таъминлайди;
  • ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди;
  • б) вазирлик ва идоралар раҳбарларининг миллий таълим дастури ва «Йўл харитаси» ижро ҳолати юзасидан ахборотини мунтазам эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилади.

«Йўл харитаси»да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар миллий комиссия ишчи органи – инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон  миллий марказига тақдим этади.

Бунда, вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсан жавобгардир.

Инновацион ривожланиш вазирлиги инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази билан биргаликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билан боғлиқ илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ танлов эълон қилинишини таъминлайди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 2022 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича энг яхши таклифларнинг давлат гранти танловларини ўтказиш тавсия этилади.

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари мақсадли кўрсаткичларини тузишда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича буюртмачи вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид