Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тақиқланган ташкилотга аъзоликда айбланган аёл афв қилинди. У 16 йилдан сўнг Швециядан ватанга қайтди
Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган диний экстремистик оқим фаолиятига алоқадорликда айбланиб 2004 йилдан буён қидирувда бўлган Маликахон Содиқова, президент фармонига асосан афв этилиб, 12 феврал куни Швециядан Ўзбекистонга қайтиб келди.
2018 йилда қабул қилинган “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 5542-сонли президент фармони асосида, Ўзбекистондан ташқарида бўлган ва тузалиш йўлига ўтганларга ватанига, оиласи бағрига қайтиш имкони берилмоқда.
Жумладан, 2021 йил 22 декабрь куни бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида бўлиб ўтган Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 14 нафар фуқаронинг жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатлари кўриб чиқилган эди.
Олий суд, Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ташқи ишлар вазирликлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси раҳбар-ходимлари, ДХХ ва Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма ва тармоқ бошлиқлари қатнашган ишчи гуруҳ йиғилишида тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 9 нафар фуқарони жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳамда 5 нафар фуқарони жиноий жавобгарликдан озод қилишни рад қилиш бўйича хулоса берилган.
Маликахон Содиқова ҳам афв этилган 9 нафар фуқаро қаторида жавобгарликдан озод қилиниб, Ўзбекистонга қайтиш имконига эга бўлди.
“Бугун мен учун тарихий ва ҳаяжонли кун. 16 йилдан кейин Тошкентга биринчи маротаба келишим. Аллоҳга шукр, аввало, бунга сабабчи бўлган президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юргизаётган сиёсатларидан ҳам мамнунман. Президент фармони асосида оқланиб келяпман, мен бундан жудаям бахтлиман. Онам ва яқинларим мени шунча йил кутиб яшади. Бунинг учун президентимизга миннатдорчилик билдираман. Юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кузатиб бораман, ривожланишга мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишни ният қилганман.
Мен афв қилишларини сўраб Германиядаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилгандим, менга жавоб юборишди, ҳаммаси жуда осон бўлди. Хориждаги бошқа ватандошларимизга ҳам ўзларига яқин жойдаги Ўзбекистон ваколатхоналарига мурожаат қилиб, оқланиб ватанга қайтишларига тилакдошман», – дея Маликахон Содиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Тошкент халқаро аэропортида Маликахон Содиқовани кутиб олган яқинлари ҳам хурсандчилик кўз ёшларини яшира олмади ва миннатдорчиликларини изҳор қилди.
Маълумот учун, «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 5542-сонли президент фармони асосида, бош прокурор бошчилигида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилган.
Ушбу комиссия қуйидаги ҳолларда тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш бўйича хулоса беради:
- айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса;
- жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;
- тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;
- тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса;
- жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;
- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;
- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;
- халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;
- террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса.
Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари барча давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, ҳужжатда “ушбу Фармон фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш учун асос ҳисобланиши” ҳам белгилаб қўйилган.
Мавзуга оид
10:57 / 12.06.2026
Тошкентда 34 килограммдан зиёд наркотик моддалар мусодара қилинди
08:18 / 04.06.2026
1,5 гектар ерни «сотиш» баҳонасида 750 минг доллар сўраган шахс ушланди
08:20 / 03.06.2026
ДХХ тезкор тадбири: Trackerʼдан 8,9 кг гашиш топилди
15:25 / 29.05.2026