14:39 / 18.02.2022
10932

“Бемор боламнинг кўнгли кўтарилиши учун ўйнаб бераман” — дарддан қақшаётган қалблар ўтинчи

“17 яшар ўғлимнинг аҳволи оғир, ҳозир жонлантириш бўлимида. Тушкунликка тушиб қолгани учун кайфияти кўтарилсин деб олдида ўйнаб бераман. Моддий томондан жуда оғир вазиятдамиз. Турмуш ўртоғимнинг мактабда қоровулчилик қилиб оладиган маошига қараб қолганмиз”, дейди сўзларида ғам-алам, кўзларида ёш билан она.

“Набирамизнинг дардини эшитиб бобоси инфаркт бўлиб қолди”

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан келган 6 яшар қизалоқ кичик жуссасида катта дардни ортмоқлаган. Тўнғич фарзанд, тўнғич набира бўлиб дунёга келганида қувонганлар бугун унинг хасталигидан чексиз изтиробда.

“Неварамда бу касаллик аниқланиши ҳаммамизни қаттиқ қайғуга солиб қўйди. Бобоси шу хабарни эшитиб инфаркт бўлиб қолди. Ҳозир юра олмайди, уларни даволатишга шароитимиз тўғри келмаяпти. Биринчи навбатда неварамни даволатишга ҳаракат қиляпмиз.

Ҳар битта дори яхши томонга ўзгартирармикан деб юзига қараб ўтирамиз. Шифокорларимизга раҳмат, шунчалик ҳолатга келтиришди”, дейди бувиси Саноат Салимова.

Муқаддас Қурбонбоевага оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0824 3766 6322 онаси Муҳайё Бақоева номида

Бир оёғимиз касалхонада...

Сирдарёлик оилада ёлғиз боши билан икки ўғилни тарбиялаб, ўстираётган она тақдирнинг яна бир кутилмаган зарбасига учради – кенжа ўғли Асилбекка оққон хасталиги ташхиси қўйилди.

“Турмуш ўртоғим бизни ташлаб кетган. Маҳаллада “Темир дафтар”да тураман.

Тунлари билан йиғлаб чиқаман. Бир оёғимиз касалхонада, пулсиз қолган кунларимиз жуда кўп бўлади. Болам жонлантириш бўлимларида ҳам ётди. Ёлғиз онаники жуда қийин экан. Ишлай десам бемор боламга қарашга бир одам керак, қаерга боришни билмайман”, дея йиғлайди онаизор.

Асилбекнинг онаси Элмира Жузбаеванинг айтишича, оиланинг уй-жойи ҳам йўқ. Анча йиллардан бери ижарада яшаб келишмоқда.

Асилбек Жузбаевга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0604 4772 5988 онаси Элмира Жузбаева номида

 “Касаллик туфайли турмуши бузилган опамнинг изтироби минг карра ортган”

Хаста фарзанд ташвишидаги ота-оналардан фарқли равишда навбатдаги мурожаатчи – жигарининг саломатлиги ва ҳаёти учун қайғураётган сингил Покиза Ҳусанбоеванинг сўзлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Унинг опаси 27 ёшли Кумуш Аманбоева турмушга чиққан ва бир фарзанднинг онаси.

Хасталиги учун оиласидан ҳам айрилган аёлнинг изтироби минг карра ортган: “Опамни ўзимиз даволатишга ҳаракат қилдик, аммо бир йилдаёқ ҳамма нарсамиз тугади. Ҳозир ҳаёти ҳам яхши эмас – турмуши бўлмади.

Умрининг энг яхши даврларини шу ҳолда ўтказаётганидан ич-этини еяпти. Оилада уч фарзанд эдик: укам ҳали жуда ёш. Онамиз ҳаётдан кўз юмганлар”, дейди беморнинг синглиси.

Кумуш Амановага оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0824 1874 5756 Кумуш Аманова номида

“Бемор боламнинг кўнгли кўтарилиши учун ўйнаб бераман”

“17 яшар ўғлим бир йилдан бери оққон билан курашади. Ҳозир болажонимнинг аҳволи жуда оғир, жонлантириш бўлимига тушиб қолган. Тушкунликка тушиб қолгани учун кайфияти кўтарилсин деб олдида ўйнаб бераман. Унинг соғайишига шу ҳам таъсир қилар экан”, онанинг сўзларидаги ғам-алам, кўзларидаги ёш қалбни ўртайди.

Зафарнинг бетоблиги оддий ҳаёт кечирадиган оилани моддий қийин аҳволга солди. Оила бошлиғи мактабда қоровул бўлиб ишлайди, онаси Насиба опа эса қўшниларнинг сут-қатиқларини сотиб тирикчилик қилишарди. Аммо ҳозирда ўғлининг парвариши сабаб она ҳам, ота ҳам касалхона атрофида сарсон.

Зафар Маҳмудовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0604 4343 1672 Зафар Маҳмудов номида

Ҳумо: 9860 0803 0924 6330 онаси Насиба Қосимова номида

Хасталик сабаб ёшланган кўзлар, оғриқлардан эзилаётган қалблар ўтинчи бизни сергак торттиради. Атрофимизда бизнинг мададимизга, далдамизга муҳтожлар борлигини англатади. Уларнинг нолалари жавобсиз қолмаслиги тайиндир.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи – Азимжон Воҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top