Жаҳон | 22:37 / 18.02.2022
48897
2 дақиқада ўқилади

Украина қуролли кучлари бош қўмондони ЛХР ва ДХР аҳолисига мурожаат билан чиқди

Унинг таъкидлашича, Украина қуролли кучлари Донбассга ҳужум қилишни режалаштирмаган.

Фото: ТАСС

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ҳужум бошланиши ва Россияга эвакуация қилиш зарурати тўғрисидаги ёлғонларга ишонмасликни сўраб ЛХР ва ДХР аҳолисига мурожаат қилди. 

"Мен вақтинча босиб олинган ҳудудлар аҳолисига мурожаат қилмоқдаман – босқинчи ҳукуматнинг ёлғонларига ишонманг! Сизлардан навбатдаги хунрезлик мақсадида вазиятни издан чиқариш учун фойдаланишмоқда. Горловкадаги сув тозалаш иншоотларида хлор портлатишни режалаштирган қўпорувчи гуруҳлар тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга мос келмайди", - деб ёзди Залужний Facebook саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, россиялик ёлланганлар вазиятни кескинлаштиришда давом этмоқда ва маҳаллий аҳолини чалғитмоқда.

"Босқинчи маъмуриятлар раҳбарларининг гўёки Украина қуролли кучлари ҳужум қилиши ва вақтинча босиб олинган ҳудудларни куч билан озод этиши тўғрисидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Мен тақдим этган маълумотни ЕХҲТ ҳам тасдиқлайди. Яна бир марта қайтараман, давлат ҳарбий-сиёсий раҳбарияти Украина шарқида ҳужум операциялари ўтказишни режалаштирмаган ва ўтказмайди", - деди Залужний.

Украина мудофаа вазирлиги ҳам мамлакат қуролли кучлари Донбассга ҳужум қилмаслигини билдирди.

"Бу ёлғон. Украина армияси ҳеч қандай ҳужум ҳаракатларини режалаштирмаяпти ва тинч аҳолига хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларда қурол қўлламайди", - дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР раҳбарлари аҳоли Россияга эвакуация қилинишини маълум қилганди. Сўнгги хабарларга кўра, Донецк ва Кировск шаҳарларидаги аҳолини Россиянинг Ростов областига олиб чиқиб кетиш бошланган.

Мавзуга оид