Жаҳон | 19:43 / 18.02.2022
22761
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия ва АҚШдан Украина учун хавфсизлик кафолатлари талаб қилди

Украинлар президенти Украина учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги ҳужжат биринчи навбатда Россия ва АҚШ томонидан имзоланиши керак деб ҳисоблайди.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Украина президенти Владимир Зеленский «РБК-Украина» учун интервьюсида мамлакат НАТОга аъзо бўлиб кириш йўлида экани, бу рўй бергунига қадар Россия ва АҚШдан НАТОга аъзо бошқа давлатларга таклиф қилинганидан кам бўлмаган кафолат тизимини олиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Биз альянсга аъзо бўлиш йўлидан бораётганимиз ҳақида гапириб келяпмиз. НАТО — бугунги кунда Украина қўшилиши мумкин бўлган ягона хавфсизлик альянси. У ерда биз учун очиқ эшиклар позицияси мавжуд. Аммо бу йўл орасидаги масофа узоқ — йиллар ва ойлар, айниқса, эскалация амалга ошса. Бу йўлдан юрарканмиз, биз хавфсизлик кафолатлари тизимини олишимиз керак. Ҳеч бўлмаса, назарий жиҳатдан бу НАТОнинг бошқа давлатларига таклиф этиладиган тизимдан кам бўлмаслиги керак», — деган Украина президенти.

Зеленский  Украина учун кафолатлар мустаҳкамланган ҳужжат АҚШ ва Россия томонидан имзоланиши зарурлигини қайд этди. 

«Норманд форматидан ажралмаймиз ва бошқалар ҳам ажралмайди. Дунёнинг қудратлилари, жумладан, Қўшма Штатлар ва Россия ўтиради ва имзолайди, яъни шундай йўл борлигини. Аммо у ерда мамлакатимиз хавфсизлиги учун тўрт-бешта банд бўлиши керак. Шунда бу суҳбат бўлади», дейди Украина президенти.

Зеленскийнинг фикрича, Россиядан ташқари яна бир неча давлатлар Украинанинг НАТОга киришига тўсқинлик қилаётганини айтган, аммо бу давлатлар номини келтирмаган. «Россиянинг позицияси бор, улар шундай дейди: биз Украина НАТОга кирмаслиги учун курашамиз. Ва биз улар билан кўп нарсаларга турлича қарашимизни тушунамиз. Яна айрим бошқа давлатлар позицияси ҳам борки, улар шундай дейишади: биз сизни НАТОда кўришдан хурсанд бўламиз. Аммо улар биз унга кирмаслигимиз учун барча ишни қилишади», деган Зеленский.

Зеленский Украина армиясини молиялаштириш ва энергетика хавфсизлигини хавфсизлик кафолатларига мисол сифатида эслатиб ўтган. У Украина ҳудудига хорижлик ҳарбийлар керак эмаслигини, бу фақат Россиянинг эътирозларига сабаб бўлишини айтган. «Бизга ўз ҳудудимизда бегона байроқ остидаги ҳарбийлар керак эмас. Биз буни сўрамаймиз. Акс ҳолда бутун дунёда беқарорлик бўлади. Биз РФга бу ерда базалари борлиги ва уларни ҳимоя қилишини айтиши учун ортиқча сабаб қолдиришни истамаймиз», дея ўз позициясини изоҳлаган Зеленский.

Мавзуга оид