Жаҳон | 20:51 / 20.02.2022
77210
18 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров атрофидаги шовқин. Бу ҳақда нималар маълум?

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Россиянинг энг кўп тилга олинадиган мансабдорларидан бири ҳисобланади. Одамлар орасида ҳам, ОАВда ҳам. Аммо бу гал унинг атрофидаги воқеалар тинчимаяпти. Иш ҳатто Қодировни ишдан кетказиш учун петиция йиғишгача борди. Чечен етакчиси атрофида нималар бўлмоқда?

Елена Афонина / ТАСС / Scanpix / LETA

«Бошингизни узиб ташлаймиз»

3 феврал куни Чеченистонда ўн минглаб одамлар мамлакат пойтахти марказида йиғилиб, бир оила вакилларига тегишли суратларни ёқиб ташлаганини кўпчилик кўрди. Ўша намойишларда одамлар чеченистонлик собиқ федерал судья Сайди Янгулбаев оиласига лаънатини билдирди. Чеченистон ҳукумат вакиллари чечен тилида судья ва унинг оиласига таҳдид қилишди.

«Янгулбаевларни яшириб ўтирган давлатлар, сиздан уларни Россияга қайтаришни сўраймиз. Уларнинг давлатингизда қолиши яхшиликка олиб келмайди. Янгулбаевлар террорчидир, демак уларни яшириш террорчиларга ёрдам бериш билан тенг. Бундан буён у оила ҳар бир эшик тақиллашидан хавотирга тушиб яшайди. Чечен халқи уларнинг гапидан шунчалик хафа бўлганки, биринчи ўнг келган чечен улар билан «ҳисоб-китоб қилади». Уларни кечирмаймиз, бизнинг халқимиз ва динимизга ёғдирган ҳақоратлари учун жазо олишади. Бу борада хотиржам бўлишингиз мумкин», деди Қодиров собиқ судья ва қизини яширган давлатга мурожаат қилар экан.

Чеченистон раҳбари Янгулбаевлар оиласини ёки ернинг остида, ёки қамоқхонада қасос кутаётганини ҳам ёзди.

Сайди Янгулбаев хотини Зарема Мусаевани олиб кетиб қамаб қўйишганидан кейин қизи билан мамлакатни тарк этган. Мусаевани Нижний Новгороддаги уйидан зўрлик билан гўёки фирибгарлик иши бўйича сўроқ қилиш учун Чеченистонга олиб кетишган.

Қодировдан кейин яна кўплаб чеченистонлик давлат амалдорлари Янгулбаевлар оиласига нисбатан мурожаатлар қилиб чиқишди. Уларнинг айтишича, оила аъзолари чеченлар ҳурмат қиладиган диний раҳнамони ҳақорат қилиб аудиоёзув тарқатган.

Чеченистонлик давлат одамлари орасида Россия давлат думаси депутати Адам Делимхановнинг мурожаати айниқса даҳшатли бўлди. «Тун-у кун тиним билмай, танамиз, қалбимиз, бор-у йўғимиз, фарзандларимиз – ҳаммаси сизни кузатиб туради. Сизнинг бошингизни олиб, ўлдириш пайидамиз. Ҳа, орамизда чиндан қасос бор, қонли қасос. Бу гапларни, айтаётганларимни русчага таржима қилиб турганлар учун ҳам айтяпман: сизлар билан қасосимиз бўлади, болаларимизнинг ҳам қасоси бўлади», деди Делимханов ўзининг Instagram’даги саҳифасида.

Адам Делимханов.
​​​​Елена Афонина / ТАСС / Scanpix / LETA

Қодировнинг энг яқин одамларидан бўлмиш Делимхановнинг сўзларига Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан муносабат сўрашди. Песков эса бу гапларга Давлат думаси муносабат билдириши кераклигини айтди. Думада эса бу прокуратуранинг иши эканини маълум қилишди. Яъни Россия расмий идораларидан ҳеч бири ҳолатга муносабат билдирмади. Бу вақтда Чеченистон расмийларининг таҳдидлари давом этди.

Чеченистон бош вазири ўринбосари Абузайд Висмурадов Instagram’даги саҳифасида шундай мурожаат қилди: «Сени ўлдириб, каллангни ва тилингни кесамиз-да, бирор жойга осиб кетамиз». Висмурадовнинг айтишича, у ва тарафдорлари шу вақтгача жим туришган, лекин устозларининг номи тилга олинганига ортиқ тоқат қила олишмайди. Устоз деб чеченлар қадрлайдиган диний уламо назарда тутилган.

Қодиров ва тарафдорлари Янгулбаевларга нисбатан нафратомуз чиқишлар қилаётганига яқинда тарқалган аудиоёзув сабаб бўлган. «Грозний» телеканалининг Instagram саҳифасида эълон қилинган аудиоёзувда эркак киши чеченистонлик диний раҳнамо Кунта-Ҳожи Кишиевни танқид қилган. Бу раҳнамони Шимолий Кавказ диндорлари ҳурмат қилиши маълум. Аудиодаги овоз барча устозларни ҳақорат қилиб, уларнинг барчасини бутун умр Россия фойдасига ишлаб, келишмовчилик келтириб чиқаришда айблаган.

Аудиони эълон қилган «Грозний» телеканали саҳифасида ёзилишича, овоз Сайди Янгулбаевнинг ўғли Ибрагим Янгулбаевга тегишли.

Янгулбаевлар иши

20 январ куни чеченистонлик полициячилар Чеченистон Олий судининг собиқ судьяси Сайди Янгулбаевнинг Нижний Новгороддаги квартирасига боради. Уйда судьянинг ўзи бўлмаган ва полициячилар Янгулбаевнинг хотини Зарема Мусаевани зўрлик билан олиб кетган. Аёлни Чеченистонга расман фирибгарлик иши бўйича сўроқ бериш учун олиб кетишган.

Сайди Янгулбаев ва Зарема Мусаева
Қийноқларга қарши қўмита/Facebook

Бу воқеалардан бир ой аввал собиқ судьянинг ўғли Абубакр Янгулбаевнинг уйида ҳам тинтув ўтказилиб, ўзини тергов қилишганди. Абубакр Россияда хорижий агент деб топилган «Қийноқларга қарши қўмита»да юрист бўлиб ишлайди. Уйида тинтув ўтказишларидан бир ой аввал Абубакр Янгулбаев Чеченистонда бир неча яқин қариндошлари йўқолиб қолганини хабар қилганди.

Сўроққа олиб келингач, Мусаева 15 сутка маъмурий қамоққа ҳукм қилинган. Рамзон Қодировнинг айтишича, қўлга олиш жараёнида полициячига ҳужум қилган аёл унинг «кўзини суғуриб олиши»га бир бахя қолган. Қодиров Янгулбаевларни қўлга олиб жазолаш, агар қаршилик кўрсатилса, террорчиларнинг тарафдори каби йўқ қилиш кераклигини таъкидлади.

Сайди Янгулбаев қизи Алия билан 22 январ куни Россияни тарк этган. 31 январ куни Чеченистон ички ишлар вазирлиги Ибрагим Янгулбаевга нисбатан террорчилик ҳаракатига чорлаш иши бўйича федерал қидирув эълон қилган. Шунингдек, Зарема Мусаевга нисбатан ҳам ҳукумат вакилига куч ишлатиш айблови билан жиноий иш очилгани маълум бўлди. Грозний суди аёлга нисбатан иш очилиб, унга эҳтиёт чораси сифатида икки ойлик қамоқ муддати тайинланганини тасдиқлаган.

Сайди Янгулбаев ва унинг оила аъзолари Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг ашаддий танқидчилари ҳисобланади. Бу оилага нисбатан ҳаракатлар 2017 йилда бошланган. Ўшанда Ибрагим Янгулбаев экстремизмда айбланиб, қамоққа юборилган.

Грознийдаги намойиш. Унда 400 минг киши қатнашгани айтилди

Фото: Грозний-Информ

Рамзон Қодировнинг тарафдорлари 3 феврал куни Грозний марказида йиғилиб, Сайди Янгулбаев ва оила аъзоларига қарши митинг ўтказишди. Унинг иштирокчилари Янгулбаевлар оила аъзоларининг суратларига ўт қўйишди, оёқости қилишди. Чеченистон ҳукумати маълумотига кўра, митингларда 400 минг киши иштирок этган. Бу республикадаги эркак фуқароларнинг ярмидан кўпи дегани. Чеченистонда жами 1,5 миллион одам истиқомат қилади.

«Грозний марказидаги митингда 400 мингдан ортиқ одам тўпланди. Уларнинг ҳаммаси эркаклар эди. Яъни Чеченистон Республикасидаги эркакларнинг 80 фоизи митингга чиқди. Улар Янгулбаевлар оиласи аъзоларининг барча авлиё ва устозларни ҳақорат қилгани сабаб кескин норозилик билдириб, уларнинг мамлакатга экстрадициясини талаб қилишди», деган намойиш ҳақида «Грозний» телеканали матбуот хизмати.

Энг қизиғи, Грознийдаги намойишлар Россияда бўладиган бошқа митинглар каби тақиқланмаган, коронавирус чекловлари жорий қилинмаган, ташкилотчилар ҳам аниқланмаган. Рамзон Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида барча митинг иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, уларнинг барчаси ислом курашчилари эканини айтди.

Намойишлар ҳукумат билан келишилгани эълон қилинмаган бўлса-да, полиция намойишчиларга қаршилик қилмаган. Митингда Қодировнинг яқин одамларидан бўлмиш парламент спикери Магомед Даудов ва жамоатчилик палатаси раҳбари Исмоил Денилханов ҳам иштирок этган.

Муҳокама учун Путин қабулида

Грознийда воқеалар тинчийвермагач, Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров муҳокама учун Россия президенти Владимир Путин қабулида бўлди. Учрашув ҳақида одатда биринчи бўлиб Кремль хабар бериши керак эди, аммо бу гал Қодировнинг матбуот котиби хабарни биринчи бўлиб эълон қилди, бунинг устига 3 февралга ўтар кечаси ярим тунда.

Табиийки, Қодиров ахборот хизмати эълон қилган хабарда мамлакатда содир бўлган воқеалар ҳақида гапирилмаган. Хабарга кўра, бу шунчаки ишчи ташриф бўлган. Қодиров Чеченистондаги коронавирусга қарши тадбирлар, вакцинация жараёни, ишсизлик кўрсаткичлари пасайгани, республика бюджетининг дотационлиги ҳақида маълумот берган.

Шу ўринда Чеченистоннинг дотацияда «ўтириши» ҳақида алоҳида тўхталиш керак, чунки бу ҳам яхшигина муҳокамаларга сабаб бўлди. Қодиров январ ойида Россия Чеченистоннинг харажатлари учун 300 миллиард рубл сарфлашини айтганди. «Россиясиз яшай олмаймиз», деб қўшимча қилганди Қодиров.

Путин билан учрашувдан кейин Қодиров Instagram’даги саҳифасида видео жойлади. Унда Чеченистон раҳбари Путин ўзини тўлиқ қўллашини айтди: «Қийин вақтларда президент Путин доим бизни қўллаб-қувватлайди. Миллатимга ва президентимга хизмат қиламан, 100 фоиз», деди Қодиров.

Чеченистон ҳукумати расмий сайтида Путин билан учрашув ҳақида хабар берилгач, Кремль хам бу борада хабар беришга мажбур бўлди. Хабар тезликда тайёрланган кўринади, унга ТАСС фотомухбирининг 5 йил аввал олган сурати ишлатилган.

Путин ва Қодировнинг 2017 йилги учрашувида олинган сурат Чеченистон ҳукуматининг 2022 йил февралидаги учрашув ҳақидаги релизида иллюстратив сурат сифатида ишлатилди. Фото: ЧР ҳукумати матбуот хизмати

Путин ва Қодиров учрашувидан кейин Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков саволларга кўмилди. Ундан Путин Чеченистондаги вазиятга тўхталган-тўхталмагани ҳам сўралди. «Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳам муҳокама қилинди. Айтишим мумкин бўлган ҳаммаси шу гап», деди Песков.

Брифинг давомида Песковдан «Чеченистондаги вазият назоратдан чиқиб кетдими?» деб сўрашди. «У ерда вазият издан чиқди деб ўйламайман. Бу Россия ҳудудий қисмларидан бири, айтишим мумкин бўлган гап шу», деди Песков.

Аммо саволларнинг энг оғири ҳали олдинда эди. Журналистлардан бири «Оддий саволга жавоб беринг: Путин Қодировдан қўрқадими?» деб сўради. Песков эса шундай деди: «Саволингизни тушунмадим, нега Путин Россиядаги ҳудуд раҳбарларининг биридан қўрқиши керак?»

Оилага нега босим қилинмоқда?

Судья Янгулбаевнинг оиласи маҳаллий диний раҳнамоларни ҳақорат қилгани ҳақида гаплар кейинроқ чиқди. Афтидан, гап жиддийроқ фактлар ҳақида кетмоқда. Собиқ судьянинг ўғли Ибрагим Чеченистонда экстремистик деб топилган 1 ADAT Telegram-каналига алоқаси бор деб ҳисобланади. Экспертиза бу канал Чеченистонда фаолияти қораланадиган Доку Умаров ва Шамил Басаевнинг шахсиятини оқлаган деб топган.

Security Turkey Telegram-канали

Янгулбаевлар оиласи ва Чеченистон ҳукумати вакиллари ҳақида гапирганда кўпчилик намойишлар ва Қодиров атрофидагиларнинг чиқишларини гапирмоқда. Аслида бошқа жиддийроқ нарса ҳам бор. Россиядаги мухолиф кайфиятидаги «Новая газета» нашри Қодировнинг асабийлашишига сабаб бўладиган ўша жиддий сабаб ҳақида ёзди.

Кейинчалик Қодировнинг таҳдидидан кейин Россияни тарк этишга мажбур бўлган газета журналисти Елена Милашинанинг ёзишича, Security Turkey номли Telegram-канал қисқа муддат ичида Қодировга ёқмайдиган кўплаб хабарлар тарқатиш орқали машҳурликка эришган. Канал асосчилари чеченларнинг Туркиядаги қотилликларига қаршилик қилишни ва қодировчиларга қарши чиқишини маълум қилган. Канал модераторлари чеченистонлик ҳарбийларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини кузатиб, уларнинг геолокацияси орқали Туркияга келишлари, бу мамлакатдаги уйлари, бизнеси ҳақида маълумот тўплайди, уларни узатиб боради.

Чеченистонлик ҳарбийлар орасида Туркия машҳур йўналиш ҳисобланади. Улар фаолиятини тугатгач, дам олиш ва яшагани тез-тез бориб туришади. Елена Милашинанинг айтишича, канал чеченистонлик мухолиф блогерлар билан бирлашган ҳолда ҳаракат қилиш орқали республика ичида Қодировга қарши сулолалар қаршилигини пайдо қилган. «Рамзон Қодиров илк марта ўзи бошқара олмайдиган куч билан тўқнашди», деб ёзди Милашина.

Рамзон Қодиров собиқ судья Янгулбаевнинг оиласи Туркияда чеченистонлик собиқ ҳарбийга ҳужум уюштириб, бундан хурсанд бўлиб юрганини айтганди. Афтидан Қодиров Security Turkey каналида дўппослангани тасвирланган видео тарқалган Ахмат Қодировни қўриқлаш хизматининг 42 ёшли собиқ ходими Абдураҳмонни назарда тутган. Канал ушбу видеони 2021 йил 5 сентябрда эълон қилган эди.

Видеони Ахмат Қодировнинг 70 йиллиги муносабати билан жойлаганини айтган муаллифларнинг таъкидлашича, Абдураҳмон исмли собиқ ҳарбий 2004-19 йилларда Қодиров полкида хизмат қилиб, кейин Туркияга кетиб қолган. Собиқ ҳарбий Туркияда Қодировга керак бўлган одамларни Чеченистонга қайтариш билан шуғуллангани айтилади. «Новая газета»нинг Қодиров полкидаги манбаси бу одам оддий ҳайдовчи бўлганини айтган, лекин фамилиясини эслай олмаган.

Кейинроқ яна бир чеченистонлик собиқ полициячи Ахмед Арсанукаев ҳаётига таҳдид қилингани ҳақида хабар берди. Унинг айтишича, Туркияда яшовчи чечен блогер Хасан Халитов унга таҳдид қилган. Security Turkey канали Арсанукаев ҳамда Халитовнинг телефон суҳбатини эълон қилган. Унда собиқ полициячи вазият ҳақида маҳаллий чеченларга хабар бермаслигини айтиб, кафолат сифатида Рамзон Қодиров ва унинг атрофидагиларни ҳақорат қилган. Бу воқеадан кўп ўтмай Арсанукаев Чеченистонга қайтиб, Халитовнинг яқинларига қарши қасос даъвосини эълон қилган.

«Новая газета»нинг ёзишича, Туркиядаги чеченлар Туркия разведкаси билан бир вақтда фаоллашмаганда, қодировчилар ҳозиргидек қўрқиб кетмаган бўларди. 2021 йил октябр ойида Туркия махсус кучлари чеченистонлик мухолифатчини ўлдиришга тайёрланган олти кишини қўлга олади. Улардан тўрт нафари россиялик эди.

Аниқланишича, суиқасд чеченистонлик Рустам Ажиевга нисбатан амалга оширилиши режалаштирилган. Унинг раҳбарлигидаги «Аджанад ал Кавказ» гуруҳи Сурияда Башар Асад кучлари билан жанг қилгани маълум. Туркия нашрларида тарқалган маълумотга кўра, қўлга олинганлар Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ҳамда депутат Адам Делимхановнинг топшириқларини бажарган.

Security Turkey Telegram-канали гумонланувчиларнинг суратини тарқатган биринчи манба бўлди. Бу суратларни улар Истанбулга келган вақтда ўзлари олган. Елена Милашинанинг айтишича, бу воқеалардан кейин чеченистонлик ҳарбийлар Туркияга боришдан бир муддат тийилган. Кейинроқ улар Туркияга сафарини давом эттирган, лекин сафар ҳақидаги суратларни ўз саҳифасига ортга қайтгандан кейин жойлашни одат қилган. Ҳатто Рамзон Қодиров ҳам Туркияга бориб келгач суратларни жойлаган.

«Новая газета»нинг тусмол қилишича, буларнинг барчаси 2021 йил декабр ҳамда 2022 йил январда Қодировни танқид қилганларнинг яқинлари ёппасига йўқолиб қолгани билан боғлиқ. Хусусан, юқорида номи тилга олинган блогер Хасан Халитов ҳамда Зарема Мусаеванинг яқинлари. Собиқ судья Янгулбаевларнинг ҳам Security Turkey Telegram-каналига алоқаси борлиги тахмин қилингани учун уларга қарши шунчалик катта нафрат билдираётган бўлишлари мумкин.

Ушбу мавзуни кўтариб чиққан «Новая газета» журналисти Елена Милашина Рамзон Қодировнинг таҳдидидан кейин мамлакатни тарк этажакини маълум қилди. «Бу шунчаки гаплар эмас, ҳақиқий таҳдид. Вазиятдан хабардор танишим ҳаётимга таҳдид жиддий эканини айтди. Бош муҳарририм ҳам мамлакатни тарк этишимни сўради. Жаноб Делимханов жуда хавфли инсон. Билмадим, ўзи ким хавфлироқ, Қодировми ёки Делимхановми?» деган журналист.

Рамзон Қодиров Елена Милашина ҳамда ҳуқуқ фаоли Игорь Каляпинни террорчи ва террорчиларнинг шериги деб атаганди. Шунингдек, «Новая газета» ва «Дожд» нашрларини ҳам террорчилар деб атаган.

«Россияда шунчаки давлат йўқ»

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийнинг тарафдори Любовь Собол Қодиров атрофида бўлаётган воқеалар фонида видео эълон қилди. Унда Собол Қодиров яна бир марта Россияда шунчаки давлатчилик йўқлигини кўрсатиб қўйганини айтган. Ролик «Қодиров. Путин пропагандасининг қотили» деб номланган.

«Қодиров яна бир марта Путин режимининг афсоналари шунчаки сафсата эканини эслатди: Путин кучли ва қўрқмас етакчи, ҳамма нарса қўлидан келадиган махсус кучлар мамлакатда тартибни таъминлайди каби гаплар шунчаки сафсата экани аён бўлди. Рамзон Ахматович Россияда шунчаки давлатчиликнинг ўзи йўқлигини кўрсатиб қўйди.

Қодиров Путин режимида ҳеч нарсанинг қадри йўқлигини яна бир бор исботлади, ҳатто Россия Қаҳрамони унвонининг ҳам. Қодировгача рус аскарини ўлдиргани билан мақтанган одам бу мукофотни олишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Аммо Путиннинг Россияси имкониятлар мамлакати. Шу сабаб бу мамлакатда Қодиров – Россия Қаҳрамони, академик, мен эса террорчиман. Қодиров ҳамманинг олдида одамларни ўлдириши билан таҳдид қилади, лекин Путиннинг матбуот котиби бу гаплардан қўрқиб кўзини яширади.

Рамзон Қодиров ва унинг қонхўр мулозимлари ишдан кетиши ва охирги ўн йилликда қилган жиноятлари учун қамоққа ташланиши керак», деган Собол мурожаатида.

Олдинроқ яна бир мухолиф сиёсатчи Илья Яшин Change.org порталида Владимир Путиндан Рамзон Қодировни ишдан кетказишни талаб қилиб петиция жойлаштирди. Уни ҳозиргача 185 мингдан ортиқ одам имзолаган. Керакли 100 минг имзони петиция бир сутканинг ўзида забт этганди.

Петиция матнида айтилишича, Чеченистон Рамзон Қодиров даврида алоҳида давлатга айланиб қолди, Россия ҳукумати эса республика раҳбарларига журналист ва ҳуқуқ фаолларига очиқчасига таҳдид қилишга қўйиб беряпти. Шунингдек, ҳудуднинг иқтисодий ҳолати ҳам ҳаминқадарлиги айтилган. Бунга мисол сифатида Қодировнинг «Чеченистон федераль дотациясиз уч ой ҳам яшолмайди» деган гапи келтирилган.

Шу ўринда Рамзон Қодировнинг Туркия билан муносабатларида ҳам мураккабликлар борлигини унутмаслик керак. 2021 йил 10 декабр куни Туркиянинг Кўрфаз шаҳрида Жохар Дудаев номли хиёбон очилди. Дудаев СССР армияси генерал-майори, ҳарбий ҳаво кучлари вакили бўлган. Чечен айирмачилари етакчиси бўлган Дудаев 1996 йилда Россия махсус кучлари томонидан йўқ қилинган. Туркияда унинг номига очилган хиёбонда Дудаевни «эркинлик учун кураш рамзи» деб аташган.

Бу воқеадан жаҳли чиққан Рамзон Қодиров Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга мурожаат қилиб, бандитларни фарқлаб олишни маслаҳат берганди. Қодиров бу ҳаракатнинг жавоб чораси сифатида Чеченистонда Туркия террорчи ташкилот деб топган Курдистон ишчи партияси асосчиси Абдуллоҳ Ўжалан номини абадийлаштиришни таклиф қилганди.

Мавзуга оид