Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ элчихонаси ўз фуқароларини Россиядаги терактлар хавфи ҳақида огоҳлантирди
Дипломатик ваколатхона америкаликларга халқаро оммавий ахборот воситаларидаги янгиликларни кузатишни, одамлар гавжум жойларга бормасликни, дўстлари ва оила аъзоларини хавфсиз ҳолатда экани ҳақида хабардор қилишни, бегоналар билан алоқага кирмасликни тавсия этди.
АҚШнинг Москвадаги элчихонаси дипломатик ваколатхона сайтида Қўшма Штатлар фуқаролари учун Москва ва Санкт-Петербургдаги жамоат жойларида, шунингдек, Россия ва Украина чегарасидаги ҳудудларда террорчилик ҳужумлари содир этилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш эълон қилди.
«ОАВ маълумотларига кўра, йирик шаҳарларда, жумладан, Москва ва Санкт-Петербургдаги савдо марказлари, темирйўл ва метро бекатлари ҳамда одамлар гавжум бўлган бошқа жойларда, Россиянинг Украина билан чегараси бўйлаб жойлашган ҳудудларида ҳужумлар хавфи бор», — дейилади матнда.
Шу билан бирга, элчихона Россияда терактлар содир этилиши эҳтимоли ҳақида хулосалар чиқарилган аниқ хабарларга ҳавола бермаган.
Дипломатик ваколатхона америкаликларга халқаро оммавий ахборот воситаларидаги янгиликларни кузатишни, одамлар гавжум жойларга бормасликни, дўстлари ва оила аъзоларини хавфсиз ҳолатда экани ҳақида хабардор қилишни, бегоналар билан алоқага кирмасликни, «туристик жойлар ва ғарбдан келганлар ташриф буюрадиган ерларда эҳтиёт бўлишни» тавсия қилди.
Элчихона, шунингдек, америкаликларга «АҚШ ҳукумати ёрдамини назарда тутмайдиган» эвакуация режасини тайёрлашни тавсия этди.