17:38 / 21.02.2022
9787

Байден Украинага «босқин бўлмаса», Путин билан учрашишга розилигини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден Украинага нисбатан босқинчилик ҳаракатлари амалга оширилмаса, Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёр.

Фото: AFP

Франция президенти Эммануэл Макрон АҚШ ва Россия президентлари билан телефон мулоқотлари чоғида Жо Байден ва Владимир Путинга Украина масаласида саммит ўтказишни таклиф қилди. Елисей саройининг хабарига кўра, икки томон ҳам учрашув ўтказишга розилик билдирган.

Макрон администрациясининг таъкидлашича, давлат раҳбарлари мазкур таклифга рози бўлган. Музокаралар учун асос Лавров ва Блинкеннинг шу ҳафтада Европада ўтказилиши кутилаётган учрашуви давомида тайёрланади.

«У (Макрон) президет Байден ва президент Путин ўртасида саммит ўтказишни, барча манфаатдор томонларга Европада хавфсизлик ва стратегик барқарорлик масалаларини муҳокама этишни таклиф қилди», дея хабар берган Макроннинг матбуот хизмати.

Оқ уйнинг хабар қилишича, Байден 24 февраль куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ўртасидаги учрашувдан кейин Путин билан саммит ўтказишга тайёрлигини билдирган.

«Президент Байден агарда ҳужум амалга оширилмаса, ушбу музокаралардан кейин, босқин амалга оширилмаса президент Путин билан учрашишга розилик берди», деган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

РФ президенти матбуот хизматининг 20 февраль куни Путин ва Макрон ўртасида ўтказилган телефон мулоқоти бўйича хабарномасида саммит ҳақида эслаб ўтилмаган.

Кейинроқ Кремль расмийси Дмитрий Песков ҳозирча олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўрилмаётганини хабар қилди. У фақат Сергей Лавров ва Энтони Блинкен учрашуви кутилаётганини айтган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top