Жаҳон | 21:08 / 21.02.2022
7582
2 дақиқада ўқилади

Путин ДХР ва ЛХР бўйича бугун қарор қабул қилишини айтди

21 феврал куни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси раҳбарлари Россия президентидан бу республикаларни тан олишни сўради.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ДХР ва ЛХРни мустақил давлатлар сифатида тан олиш бўйича қарор қабул қилишини айтди.

«Ҳурматли ҳамкасблар, фикрингизни эшитдим. Қарор бугун қабул қилинади», — деди у.

РБКнинг ёзишича, бу республикалар мустақиллигини тан олишни қўллаб-қувватлаб Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, федерация кенгаши ва давлат думаси спикерлари Валентина Матвиенко ва Вячеслав Володин чиқиш қилди. Хусусан, Медведев 2008 йилда Россия Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олгани «юз минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолгани ва НАТО ҳамда қатор Европа давлатлари учун сабоқ бўлгани»ни айтди.

Матвиенконинг фикрича, бу — Россиянинг «ахлоқий бурчи», Москва санкциялар таҳдидига қарамасдан ушбу қарорни қабул қилиши керак.

Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев ва Росгвардия раҳбари ҳам ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш «зарур»лигини билдирди.

ФХХ директори Александр Бортниковнинг сўзларига кўра, ДХР ва ЛХР фуқаролари «умид билан кўз тикмоқда ва Россиядан уларни ҳимоя қилишини сўрамоқда» ҳамда Москва «уларнинг ҳуқуқини амалга ошириши керак».

Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг фикрича, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олиш орқали Россия у ерда яшайдиган аҳолини ҳимоя қилади.

Аввалроқ Донбассда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси раҳбарлари Денис Пушилин ҳамда Леонид Пасечник Россия президенти Владимир Путиндан бу республикаларни тан олишни сўраганди.

Мавзуга оид