Ўзбекистон | 19:48 / 22.02.2022
4249
2 дақиқада ўқилади

ОТМга киришда мажбурий фанлар блокига чет тили қўшилиши ҳозирча аниқ эмас – хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги

2024/2025 ўқув йилидан чет тилини мажбурий фанлар блокига киритиш-киритмаслик устида экспертлар ўрганиш олиб боряпти. Яна бир ойлик изланишдан сўнг, бу бўйича аниқ тўхтамга келинади.

Фото: АОКА

Бугун, 22 феврал куни чет тилларини ўрганишга оид қарорлар юзасидан Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари Азим Ҳусановнинг қайд этишича, 2024 йилги қабулдан кириш имтиҳонларида мажбурий фанлар блокида чет тили бўлиши ҳозирча тасдиқланмаган.

“Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда (19 январда қабул қилинган) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат тест маркази билан биргаликда 2 ой муддатда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ОТМга кириш имтиҳонлари учун белгиланган мажбурий фанлар мажмуасига чет тили фанини босқичма-босқич киритиш юзасидан таклиф киритиши белгиланган. Буни нотўғри талқин қилмасликни илтимос қилиб қоламан”, – деди Азим Ҳусанов.

Азим Ҳусанов / Фото: АОКА

Унинг қайд этишича, ҳеч ким чет тили мажбурий блокда бўлиши ҳақида аниқ талаб қўймаган. Бу жуда катта изланиш, экспертлар хулосаларига асосланиб қилинади.

“15 та савол билан абитуриентнинг хорижий тил бўйича билимини аниқлаш – қийин масала. Шунинг учун бу мавзу устида экспертлар ишлаяпти. Ҳали бир ой вақтимиз бор, бу муддатда бирор тўхтамга, албатта, келинади”, – дея Азим Ҳусановнинг сўзларни келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қарорга асосан, 6 та ОТМда чет тили биринчи фан бўлган йўналишларда хорижий тил имтиҳони тест кўринишида эмас, ижодий имтиҳон шаклида олиниши белгиланган

Мавзуга оид