Зангиота туманидаги 24-сонли тарбия колониясида президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Иккинчи имкон” лойиҳасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа доирасида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳкумлар ахборот технологиялари, рақамли касблар ва хорижий тилларга ўқитилади.

Kun.uz тадбирда иштирок этган мутасаддилардан маҳкумларнинг келажакда иш билан таъминланиши, бериладиган сертификатларнинг меҳнат бозоридаги аҳамияти ва ўқитувчиларни саралаш мезонлари ҳақида сўради.

Президент ташаббуси билан йўлга қўйилаётган “Иккинчи имкон” лойиҳаси республиканинг Тошкент вилояти, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги 10 та жазони ижро этиш муассасасида амалга оширилади. Лойиҳага кўра, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳкумлар саралаб олиниб, IT, рақамли технологиялар ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов маҳкумларнинг келажакда иш билан таъминланиш механизмлари ҳақида гапирди.

“Ўқитиш натижаси бўйича оралиқ сўровлар бўлиб ўтади. Ўшанинг ҳар бирини баҳо бериб қўйилади. Бошқа курсларда қанақа баҳоланса, бу ерда ҳам худди шунақа баҳоланади ва келажакда буларга малакавий сертификат беради. Ҳар битта сертификат бизнинг ҳамма қонунларимиз бўйича барча тизимларда тўлиқ қабул қилинади. Сертификат олганлар келажакда ўзининг имконига қараб, олган билимига қараб ишга таклиф қилинади. Албатта, иш билан таъминланади ҳаммаси.

Буларга иш бозорида таклифлар жуда ҳам кўп. Энг тез ривожланаётган бозор – ахборот технологиялари соҳаси. Мутахассисларга етишмовчилик жуда катта. Шунинг учун буларга имконият яратиб берилади. Энг муҳими, булар ўзининг ота-онасига, оиласи даврасига президентимиз яратиб берган шароитдан фойдаланиб, камида битта хорижий тил ва замонавий, яхши даромад топиш имконини берадиган ҳунар эгаси бўлиб боради”, – деди вазир.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга кўра, мақсад фақат сертификат бериш эмас, даромадли иш билан таъминлаш.

“Биринчи нарса, бу ҳақиқий натижа учун қилинаётган лойиҳа. Яъни бу қандайдир давлат пулини ишлатиш ёки харажат қилиш учун эмас. Президентимизнинг мақсади – жазони ижро этиш муассасасидаги ёшлар ҳам эртага ҳаётда ўз ўрнини топиши.

Барибир қамоқдан чиққанидан кейин ишга жойлашишда қийинчиликлар бўлади. Лекин ҳозир IT соҳасида чет тилини ва касбни билсангиз, фриланс платформалари орқали ҳам бемалол даромад топиш мумкин. Шунинг учун ҳам бу лойиҳа “Иккинчи имкон” деб номланган.