Жаҳон | 16:07 / 23.02.2022
13705
2 дақиқада ўқилади

Украина ТИВ фуқароларни Россияни зудлик билан тарк этишга чақирди

Украина ТИВ биноси / РИА Новости

Украина ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига Россияга бормасликка, у ерда бўлиб турганларни эса зудлик билан чиқиб кетишга чақирди.

Идора сайти хабарида қайд этилишича, бу чоралар «Россия агрессияси кучайиши» муносабати билан таклиф этилган. «Ушбу тавсияларни эътиборсиз қолдириш Россия Федерациясидаги Украина фуқароларини зарур ҳимоя билан таъминлашни сезиларли даражада мураккаблаштиради», — дейилади ТИВ баёнотида.

  • 21 февраль куни РФ президенти Владимир Путин россияликларга мурожаатида Украина ҳукуматини қатъий танқид қилган, шундан кейин ушбу мамлакат шарқидаги ҳудудда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск республикаларини тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.
  • Бунга жавобан 22 февраль куни кечқурун Владимир Зеленский ҳам телемурожаат билан чиқди. У Россия Украина суверенитетини бузгани ва Минск келишувларидан бир томонлама чиққани, шунингдек Украина зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини қайд этди. Кейинроқ Зеленский Украина Россия билан дипломатик алоқаларни узиш имкониятларини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Украинлар президенти захирадагиларни ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида фармон имзолаган.
  • АҚШ, Евроиттифоқ, Буюк Британия, шунингдек Япония, Австралия ва Канада ДХР ва ЛХРни тан олгани учун Россияга қарши санкциялар жорий этган.

Мавзуга оид