Спорт | 23:05 / 28.02.2022
24502
2 дақиқада ўқилади

ФИФА ва УЕФА Россия миллий жамоаси ҳамда клубларини барча халқаро турнирлардан четлатди

ФИФА ва УЕФА ўзаро музокаралардан кейин Украинадаги ҳарбий вазият сабабли Россия футболига жиддий санкциялар эълон қилди.

Фото: Getty Images

Унга кўра, ФИФА футбол бўйича Россия миллий жамоаларини барча халқаро турнирлардан четлатди. Хусусан, ЖЧ-2022 плей-офф ўтиш ўйинида Польшага қарши майдонга тушиши белгиланган Россия миллий жамоаси муддатдан аввал Қатар-2022 мундиалига бора олмайдиган бўлди. 

ФИФА баёнотидан ташқари, УЕФА ҳам рус клубларини ўз байроғи остида ўтадиган барча халқаро турнирлардан четлатганини эълон қилди. Жумладан, Европа лигаси 1/8 финалида 10 ва17 март кунлари «Лейпциг»га қарши майдонга тушиши лозим бўлган Москванинг «Спартак» клуби турнир билан хайрлашди.

«Футбол – Украинадаги воқеалардан жабрланаётган барчанинг дардини ҳис қилаётганини билдирди. ФИФА ва УЕФА президентлари Украинадаги вазият тез орада юмшашига, футбол тинчлик ва одамлар орасида яна бирдамликни тарғиб қилишига умид қилишмоқда», - дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Польша, Швеция, Чехия, Албания, Ирландия, Швейцария ва Англия миллий жамоалари Россияга қарши ўйнашдан бош тортишларини маълум қилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, куни кеча ФИФА халқаро турнирларда Россия миллий жамоасининг РФИ (Россия футбол иттифоқи) номи остида иштирок этиши, қолаверса байроғи ва мадҳиясидан фойдалана олмаслиги ҳақида қарор қабул қилган эди.

Мавзуга оид