Жаҳон | 23:02 / 28.02.2022
84175
2 дақиқада ўқилади

Макрон Путиндан тинч аҳолига зарба беришни тўхтатишни сўради. Путин урушни якунлаши учун шартларини илгари сурди

Фото: Emmanuel Macron / Facebook

Франция президенти Эммануэль Макрон телефондаги музокаралар чоғида РФ президенти Владимир Путиндан урушни ва Украинанинг тинч аҳолисига зарба беришни тўхтатишни сўради. Бу ҳақда французлар етакчисининг твиттерида маълум қилинган.

Бундан ташқари, Макрон Путинни Украинадаги автомобил йўллари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мамлакатдаги фуқаролик инфратузилмаларини сақлаб қолишга чақирган.

Ўз навбатида, Кремлдагиларнинг хабар беришича, француз томони Россиянинг «Донбасс ҳимояси бўйича махсус операцияси» бўйича «маълум қарашларни ифодалаган», шунингдек, «Киев билан мулоқот ва музокаралар орқали ҳозирги можаро тезроқ ҳал қилинишига умид билдирган».

Кремль хабарида айтилишича, Путин Украинадаги можарони «Россиянинг хавфсизлик соҳасидаги қонуний манфаатларини сўзсиз ҳисобга олган ҳолда» ҳал қилиш мумкинлигини айтган. Бундай шартлар қаторида Россия президенти қуйидагиларни санаган:

  • Россиянинг Қрим устидан суверенитетини тан олиш;
  • Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш;
  • Украина давлатининг нейтрал мақомини таъминлаш.

Путин Россия томони Украина вакиллари билан музокаралар учун очиқлиги ва улар «зарур натижаларни келтириши»ни кутишини қайд этган.

«Россия президенти Россия қуролли кучлари тинч аҳолига таҳдид солмаётгани ва фуқаролик объектларига зарба бермаётганига алоҳида эътибор қаратди. Хавф аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланиб, қасддан турар жой кварталларига зарбдор қуролларни жойлаштираётган ва Донбассдаги шаҳарларни ўққа тутаётган украин миллатчиларидан келади», — дейилган хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид