Жаҳон | 20:18
2749
5 дақиқада ўқилади

Украина Россия Брянск областидан янги ҳужум бошлашига тайёрланмоқда

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Россия Черниҳив областига янги юриш бошлаши мумкинлигини айтди, шу билан бирга, у янги босқин Беларус ҳудудидан амалга оширилиши эҳтимолини паст баҳолаган.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский «1+1» телеканалига берган интервюсида Россия Брянск области ҳудудидан Украина шимолига ҳужум қилишини урушнинг кейинги ривожида эҳтимоли энг юқори бўлган вариант деб атади.

Журналистнинг Беларуснинг Украина билан чегарасида ҳарбий инфратузилма ривожлантирилаётгани ҳақидаги саволига жавобан Сирский ҳозирча бу участкада Россия қўшинлари тўпланиши кузатилмаётганини айтган.

Аммо, ундаги маълумотларга кўра, Россия ҳукумати Киевга қайтадан ҳужум қилиш вариантларини ишлаб чиқмоқда.

«Биз биламизки, Путин Россия бош штабига ҳужум операцияси олиб боришнинг турли вариантларини, жумладан, Беларус ҳудудидан туриб Киевга ҳужум қилиш имкониятларини кўриб чиқиш вазифасини қўйган», – деган у.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони ҳисоблашича, булар реал вариантлар эмас.

«Сўнгги воқеалардан келиб чиқиб, Беларус раҳбарияти ўз ҳудудини агрессорга ўз юриш амалиётини ўтказиши учун плацдарм сифатида тақдим этишга рози бўлади, деб ўйламайман», – дейди Сирский.

Сирский «сўнгги воқеалар» деганда нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмаган, аммо гап Украина қуролли кучлари баҳорда ва ёзнинг биринчи ойида Украинанинг босиб олинган ҳудудлари ҳамда Россиянинг ичкари ҳудудларига йўлланган интенсив зарбалар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Ҳарбий экспертларга кўра, Украинада зарбдор дронлар бўйича устунлик пайдо бўлган.

Май ойи ўрталарида Украинадаги айрим расмийлар ва ҳарбийлар Россия Беларус томонидан янги ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ва унда Беларус қўшинлари иштирок этиши мумкинлигини айтиб чиққанди.

Сирский шимолдан, яъни Россиянинг Брянск области ҳудудидан ҳужум қилиш вариантини истисно этмайди.

«Нисбатан эҳтимолий вариант, буни айрим маълумотлар ҳам тасдиқлайди – бу мамлакат шимолига Россиянинг Брянск области ҳудудидан ҳужум қилиниши. Бу реал вариант ва биз бунга тайёргарлик кўряпмиз», – дея қайд этган Сирский. Журналистнинг Киевга ҳужум қилиниши эҳтимоли қанчалик экани ҳақидаги аниқлаштирувчи саволига жавобан қўмондон шундай деган: «Йўқ, Киевга эмас, Черниҳив областига».

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳужумдан мақсад Украинанинг чегара зонасидаги ҳудудини босиб олиш ва Украина қўмондонлигини кучларнинг бир қисмини Донбассдан мамлакат шимолига кўчиришга мажбур қилиш бўлиши мумкин.

Сирский Украина шимолидаги ҳудуд ҳужум операцияларини ўтказиш учун жуда мураккаб эканини таъкидлаган. У ерда ботқоқликлар кўп, йўллар етарлича кўп эмас, оғир зирҳли техникалар ўтиши учун яроқли кўприклар йўқ.

Шу билан бирга, бу ҳудуддаги ўрмонзорлар кичик гуруҳлар орқали рейдлар ўтказишни осонлаширади.

The Wall Street Journal газетаси бир ҳафта олдин Москва Украина бўйлаб янги ҳужумлар учун имкониятларини кенгайтириш мақсадида Минскка босим қилаётгани ҳақида ёзганди. Май ойида Франция президенти Эммануэл Макрон сўнгги тўрт йил ичида илк бор Александр Лукашенко билан қўнғироқлашган ва уни урушга қўшилишдан қайтарганди.

Лукашенконинг ўзи июн ойи давомида Беларус урушга тортилишига «мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги»ни бир неча бор таъкидлаган. Шунингдек, у Володимир Зеленскийнинг Россиянинг Украина ҳудудига зарбаларини йўналтириш учун фойдаланилган чегара ретрансляторларини ўчириш ҳақидаги талабини бажарди.

Олександр Сирскийнинг таъкидлашича, ретрансляторлар ҳали ҳам демонтаж қилинмаган. Бундан ташқари, у ушбу ускуналардан бири 29 июн куни қайта фаоллаштирилганини айтди. «Ўйлайманки, улар энди уларни ёқмайди, – деди Украина қуролли кучлари бош қўмондони. – Менимча, улар бундай қилиш керак эмаслигини тушунишади». У катта эҳтимол билан, ретрансляторларни жисмонан йўқ қилишни назарда тутган.

Фронтдаги вазият юзасидан изоҳ бераркан, Сирский сўнгги пайтларда Россия қўшинларининг фаоллиги пасайганини таъкидлади: «Мен икки баравар демайман, лекин учдан бир қисмгалиги – аниқ». Шунингдек, Россия қўшинлари фаол равишда олдинга силжишга ҳаракат қилаётган йўналишлар рўйхати қисқартирилган. Украина қуролли кучлари бош қўмондони сўзларига кўра, илгари бундай участкалар 13 та бўлган, ҳозир эса еттитани ташкил этмоқда. Шу билан бирга, у Украина учун фронтдаги вазият мураккаблигича қолаётганини қайд этган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид