Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Вазирликлар ухлаб ўтирибди” — ССВ ўринбосари Сенат раисидан дашном эшитди
Президент қарорига биноан, бу йил Жиззахда Корея билан ҳамкорликда тиббиёт университети очилиши кўзда тутилган. Сенатдаги йиғилишда Танзила Норбоева соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Амрилло Иноятовдан бу лойиҳанинг бориши ҳақида сўради. Иноятов бунақа топшириқдан хабари йўқлигини айтди.
28 феврал куни Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси илк йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Мажлисда Сенат раиси 2021 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича масъул ташкилотларни саволга тутди.
Президент қарорига кўра, 2022/23 ўқув йилидан Жиззахда Корея билан ҳамкорликда Тиббиёт университети фаолият бошлаши керак. Бироқ мажлисда бу вазифага масъул Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сусткашлик қилгани маълум бўлди.
Корея тиббиёт университети ҳақида берилган саволга жавобан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов Қозон федерал университетининг филиали ҳақида гапирди. Танзила Норбоева бундан норози бўлиб, масъулларга танбеҳ берди.
“Биз ҳозир Кореяни муҳокама қиляпмиз. Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапиряпмиз”, – деди Танзила Норбоева.
Вазир ўринбосари эса Жиззахда Корея тиббиёт университетини ташкил этиш топшириғи ҳақида эшитмаганини билдирди.
“Бу вазифа президент қарорининг 3-иловасида бор. Мен сиздан йўқ нарсани сўрамаяпман. Мажлисга келаётганда тайёргарлик кўриб келмайсизларми?” – дея яна савол берди Танзила Норбоева.

“Вазиримиз: “Сиз тез боринг, қатнашиб келинг”, деганлари учун келдим” – деди Амрилло Иноятов.
“Сенат томонидан юборилган сўровга ҳам шундай муносабат бўлган-да. Бугун чора кўрасиз-да, чора кўрилгани тўғрисида маълумот берасиз.
Сизлар мажлисга келиб ҳам ҳеч нарсани билмаяпсизлар. Яхшиям йиғилиш қилибман-а? Бу қанақаси? Мен тушунмадим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан президент ҳужжатига муносабат шуми?” – деди Сенат раиси.
Корея тиббиёт университетини очиш вазифасига масъул иккинчи вазирлик – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилининг мажлисга кечикиб келгани ҳам Танзила Норбоевани асабийлаштирди.

“Бу вазирликлар ухлаб ўтирибди шекилли? Президентимиз у ёқда жон куйдириб бошқа давлатлар президентлари билан келишади, “у ишни қилайлик, бу ишни қилайлик”, дейдилар-да, бу ерда вазирликлар ҳали ухлаб ўтирибди. Ваҳоланки, сизлар бизга маълумот беришингиз керак эди. Ҳали иккалангиз бирор марта бир-бирингиз билан гаплашмапсизлар. Бу мутлақо қониқарсиз. Чора кўриш керак”, – деди Танзила Норбоева.
Мавзуга оид
14:08 / 04.06.2026
Ўзбекистон ва Сербия парламентлари ҳамкорлик меморандумини имзолади
20:28 / 03.06.2026
Ўзбекистонлик шифокор 5000 километр масофадан туриб операция ўтказди
15:00 / 03.06.2026
Белграддаги глобал конференцияда Ўзбекистоннинг гендер тенглик борасидаги тажрибаси тақдим этилди
17:36 / 23.05.2026