Ўзбекистон | 16:18 / 02.03.2022
4409
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек пахтаси тизимли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан холи бўлди – Халқаро меҳнат ташкилоти

Ўзбекистон дунёдаги олтинчи энг йирик пахта етиштирувчи давлат ҳисобланади. ХМТ мамлакат пахта сектори 2021 йилда мажбурий ва болалар меҳнатидан холи бўлди, деган хулосага келди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳар йили 2 млн нафар киши пахта теримига жалб қилинади. Халқаро меҳнат ташкилоти хулосаларига кўра, мамлакат 2021 йилда пахта етиштириш циклида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни муваффақиятли тарзда чеклай олди.

“Ўзбекистон пахта секторида ислоҳотлар бошланган 7 йилдан буён 2 млн нафар бола болалар меҳнатидан, ярим млн нафар катта ёшлилар эса мажбурий меҳнатдан халос бўлди”, дейилади Халқаро меҳнат ташкилотининг пахта йиғим-терими бўйича 2021 йилги ҳисоботида.

Ҳисобот 11 минг теримчи билан суҳбатни ўз ичига олган, уларнинг 99 фоизи ўзлари кўнгилли тарзда теримга чиққанини билдирган. Барча вилоят ва туманларда мажбурий меҳнат элементлари жуда кам ёки умуман кузатилмаган.

Фақат 1 фоиз теримчи бевосита мажбурловга гувоҳ бўлган ёки мажбурлашлар мавжудлигига ишонган. Хусусан, 0,49 фоиз респондент-теримчи маҳалла ходимлари томонидан ижтимоий нафақалар билан боғлиқ тўғридан тўғри ёки билвосита таҳдидлар ҳақида хабар берган, 0,12 фоиз респондент эса иши ёки иш ҳақини йўқотиши билан боғлиқ бевосита, билвосита таҳдидлар ҳақида айтган.

ХМТ суҳбатлашган теримчиларнинг аксари 2020 йилдан бери пахта теримида меҳнат шароитлари яхшилангани ҳақида билдирган. Фақат 5 фоиз респондент шароитлар олдинги йилгидан ёмонроқ эканини айтган. Бу транспорт, озиқ-овқат, сув ва гигиена кабилар билан боғлиқ.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистондаги меҳнат ёшида бўлган ҳар 8 кишидан бири пахта теримида иштирок этган. Теримчиларнинг 62 фоизи – аёллар, асосий қисми қишлоқ аҳолисидан иборат.

Мавзуга оид