Жаҳон | 22:00 / 02.03.2022
146005
3 дақиқада ўқилади

Россия илк марта урушда қанча қурбон берганини эълон қилди

Фото: t.me/oleksiihoncharenko

Украинадаги урушда Россиянинг 498 нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.

Россия илк марта урушда қанча аскар қурбон бўлгани ҳақида маълум қилмоқда.

«Россиянинг ҳарбий операциясида Украина томонидан 2 870 нафар одам ҳалок бўлган. Россия томонидан 498 нафар аскар ҳарбий бурчини бажараётган вақтда ҳалок бўлди», дейилган баёнотда.

Ўз навбатида, РФ Мудофаа вазирлиги Украинанинг йўқотишлари бўйича ҳам ўз маълумотларини тақдим этган, унга кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён украиналик ҳарбийлар орасидаги қурбонлар сони 2870 нафардан ошган, 3700 нафардан ортиқ киши яраланган, 572 киши асирга тушган.

  • Таққослаш учун: Украина Бош штаби маълумотига кўра, 24 февралдан 2 мартга қадар бўлган муддатда россияликларнинг йўқотишлари ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қўшилганда 5 840 нафарни ташкил этган, 200 нафар атрофидаги киши асирга тушган.

Россия томонига кўра, ҳарбий амалиётлар вақтида Украинанинг 1533 та ҳарий инфратузилма объектига, 54 та бошқарув пункти ва ҳарбий алоқа тузилмаларига, 39 та ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларига, 52 та радиолокация станциясига зарба берилган.

Шунингдек, Украинанинг 47 та ҳарбий самолёти ерда, 13 таси ҳавода йўқ қилингани, 484 та танк ва жанговар машиналар, 63 та ракета тузилмалари, 217 та дала артиллерияси, 336 та махсус ҳарбий техника, 47 та учувчисиз қурилма ишдан чиқарилгани маълум қилинган.

Россия аскарлари томонидан Попова, Новгоровка, Новомихайловка, Любимовка аҳоли яшаш пунктларини, «ЛХР» кучлари Лиман, Торское, Креминна, Варваровка, Боровенки аҳоли пунктларини, «ДХР» кучлари эса Приморское, Приазовское, Шевченко ва Бердянское аҳоли пунктларини эгаллагани, Мариупол қамалга олингани маълум қилинган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий операцияда россиялик курсантлар ёки тезкор чақирувдаги аскарлар қатнашмаётганини маълум қилди. Россия томони танклар АҚШда ишлаб чиқарилган «Жавелин» ракеталари билан урилаётганига урғу берган.

Аввалроқ Ғарб нашрларида Россиянинг ҳарбий йўқотишлари 1500 нафардан 2000 нафаргача бўлиши мумкинлиги ёзилганди. 

Мавзуга оид