Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг маълум қилишича, ҳужумлар шаҳар марказига қаратилган бўлиб, снарядлардан бири Ковпаков туманидаги турар жой ҳудудига келиб тушган.

Унинг сўзларига кўра, зарба эпицентрида кўп қаватли турар жой, дўкон ва автомобил йўли жойлашган бўлиб, ҳодиса вақтида ушбу ҳудудда кўплаб одамлар бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида беш ёшли қизалоқ ҳам бор. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринган, аммо бунинг имкони бўлмаган. Қурбонлардан яна бири қизалоқнинг онаси экани айтилмоқда. Жароҳатланганлардан бири эса шифохонада вафот этган.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари маълумотига кўра, жароҳат олганларнинг аксарияти оғир аҳволда бўлиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, 3 июл кечқурун Россия қўшинлари Украинанинг Запорижжя шаҳрига ҳам ракета ва дронлар билан ҳужум қилди.

Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоровнинг билдиришича, ҳужумлар натижасида турар ва нотурар бинолар, шунингдек, саноат корхоналаридан бири зарар кўрган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Запорижжяда икки нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, яна 21 киши турли даражада жароҳатланган.

Украина расмийлари вайрон бўлган объектларда қутқарув ва тиклаш ишлари давом этаётганини маълум қилди.