20:00 / 03.03.2022
7121

Тошкент давлат стоматология институти ва Туркиянинг нуфузли Истинья университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, тиббий олий таълим тизимини илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш ижобий натижа бермоқда.

Фото: Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Тошкент давлат стоматология институти мамлакатимизда биринчилардан бўлиб дунё тан олган Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси (WFME) аккредитациясидан ўтган институт ҳисобланади.

Бугунги кунда институт 23 мамлакатнинг 100 дан ортиқ таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Тиббиёт соҳасида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, педагоглар малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида Туркиянинг нуфузли Истинья университети ва Тошкент давлат стоматология институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У.Собиров, Туркия университети ректори Эрдол Кароз, Тошкент давлат стоматология институти ректори Н.Ҳайдаров иштирок этди.

Фото: Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати
Фото: Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Туркиянинг етакчи Истинья университетининг 12 та факультетида 20 000 дан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Тиббий йўналишда университет талабалари учун жаҳонга машҳур “Liv Hospital” ва “Medical Park” клиникаларида ўқув ва илмий-амалий жараёнлар ташкил этилган. Университет клиникалари JCI ва ISO 9001 жаҳон стандартлари асосида фаолият олиб бориб, тиббий кадрлар тайёрлашда ўз ўрнига эга.

Анжуман давомида, Тошкент давлат стоматология институтининг “Онко мактаби” ва янги кафедрасининг очилиш маросими ўтказилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида институт талабалари учун инновацион ва замонавий таълим технологиялари асосида машғулотлар ўтказиш, шунингдек, назарий билимларини амалиётда қўллашлари учун зарурий шароитлар яратилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, Тошкент давлат стоматология институтининг 6 факультетида 5000 га яқин талабалар таҳсил олмоқда. Талабаларни жаҳон стандартлари асосида таълим олишлари учун симуляцион марказ, талабалар поликлиникаси ва илмий-амалий марказларда зарурий шароитлар яратилган.

Яратилаётган шароитлардан тўғри фойдаланган ҳолда тиббий таълимни янада ривожлантириш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, шунингдек, иқтидорли ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашда ислоҳотлар давом этмоқда.

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати Ⓣ

Top