Иқтисодиёт | 15:43 / 04.03.2022
38353
3 дақиқада ўқилади

Алишер Усмоновнинг ҳолдинги «Капиталбанк»даги акцияларини сотди

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги «Капиталбанк» акциялари сотилганини эълон қилди. Усмонов 2021 йил ноябридан бери банкдаги улушини ошириб келаётганди. Ҳолдинг таркибидаги компания февраль ойида «Капиталбанк»нинг 12,18 фоиз акциясини сотиб олиб, ўз улушини 61,54 фоизга етказганди.

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли ҳолдинг назорат қилувчи «Капиталбанк» акциялари сотилди. Бу ҳақда банкнинг Telegram'даги расмий саҳифасида маълум қилинди.

«USM holding «Капиталбанк» АТБ (Ўзбекистон) акцияларининг 61,54 фоизига биргаликда эгалик қилувчи «Telecominvest» МЧЖ (РФ) ва «Finance TCI» МЧЖ (Ўзбекистон) устав капиталидаги 100 фоиз улушини сотиш бўйича битим тузди», дейилади расмий хабарда.

Битим «Капиталбанк» АТБ бизнесини биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор бўлган хусусий инвесторлар гуруҳи ташаббуси билан тузилган. Битимнинг тижорат шартлари ошкор этилмаган.

«Капиталбанк»нинг йирик миқдордаги акцияларига эгалик қилувчи компаниялар Алишер Усмоновга қарашли ҳисобланади. Россиялик миллиардер 2021 йилнинг ноябр ойидан бери «Капиталбанк»даги улушини ошириб келаётганди.

«Капиталбанк» акцияларидаги ўзгаришлар – хронология

  • 2021 йилнинг 4 ноябрида тадбиркор Ойбек Турсунов «Капиталбанк»нинг қарийб 112,5 млн дона акцияларини сотиб олди. Шу билан у банк умумий акцияларининг 50 фоизига эгалик қила бошлади;
  • Шу ой охирида «Капиталбанк» акциядорлик тижорат банки 215,3 млрд сўмлик акциялари қўшимча эмиссиясини жойлаштирди. Банкнинг ушбу акцияларини Алишер Усмоновнинг USM Holding компанияси шуъба корхонаси — «Telecominvest» МЧЖ харид қилди;
  • Жорий йилнинг январ ойи бошида Алишер Усмоновга алоқадор компаниянинг «Капиталбанк»даги улуши 25 фоизга етди. «Telecominvest» компанияси «Капиталбанк»нинг 8,33 фоиз акцияларини сотиб олди;
  • Январнинг охирги 10 кунлигида Ойбек Турсунов «Капиталбанк» аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди. Бу пайтда Алишер Усмонов банкдаги улушини яна оширди. Турсуновнинг аффилланганлар рўйхатидаги ўрни Россия компаниялари – «Telecominvest» МЧЖ ва «Corus» АЖ томонидан тўлдирилди. «Corus» компанияси «Капиталбанк»нинг аффилланган шахслари рўйхатига 2022 йил 12 январдан бошлаб қўшилган. «Corus» ҳам Алишер Усмоновга қарашли «Telecominvest»га аффилланган;
  • 9 февралда Усмоновга алоқадор компания яна «Капиталбанк»даги улушини оширди. Унга қарашли «Finance TCI» МЧЖ «Капиталбанк»нинг 3,81 фоиз акциясини сотиб олди. Шу билан Алишер Усмоновга қарашли компаниялар улуши жами 61,54 фоизга етганди.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Алишер Усмоновга нисбатан Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи персонал санкциялар жорий этган. Бугун, 4 март куни АҚШ россиялик олигархларга қарши янги шахсий санкциялар эълон қилди. «Қора рўйхат»дан Алишер Усмонов ҳам ўрин олди. Санкция остида қолганлар «АҚШ молия тизимидан узилади, активлари музлатилади ва мулклари блокланади.

Мавзуга оид