Жаҳон | 22:00 / 06.03.2022
59592
6 дақиқада ўқилади

Россия авиакомпаниялари халқаро парвозларни тўхтатмоқда — асосий саволлар

Фото: Reuters

Росавиация Россия авиакомпанияларига 6 мартдан бошлаб халқаро парвозларни тўхтатишни тавсия этди. Ўтган вақт ичида Россиянинг бир неча авиакомпаниялари хориждаги барча рейсларни тўхтатишга қарор қилди - Минск ягона истисно. BBC энди халқаро рейслар қандай ишлаши борасидаги саволларга жавоб излади.

Росавиациянинг эълони халқаро парвозлар тўлиқ бекор қилинишини англатадими?

Йўқ, бундай эмас. Росавиация тавсия берди - агентлик 6 мартдан «кетиш» рейсларини, 8 мартдан «қайтиш» рейсларини тўхтатишни маслаҳат қилган.

Бу тақиқ Россия авиакомпаниялари хорижликлардан (биринчи навбатда европаликлардан) ижарага олган самолётлар уларнинг эгалари талаби билан хорижда ушлаб турилиши ёки ҳибсга олиниши хавфи юқори экани билан боғлиқ.

26 февраль куни ЕИ Россияга қарши санкциялар эълон қилганди.

Бу ҳужжат, хусусан, самолётлар ва эҳтиёт қисмларни Россиядаги жисмоний ва юридик шахсларга ҳамда Россияда фойдаланиш учун сотишни тақиқлайди. Бу тақиқ бундай маҳсулотлар Европа Иттифоқи ҳудудида ишлаб чиқарилмаган ҳолатларда ҳам амал қилади.

Шунингдек, ҳужжат билан бундай маҳсулотларни бевосита ёки билвосита суғурта қилиш ва қайта суғурталашни ҳам тақиқлайди.

Россия компанияларидаги самолётларнинг кўп қисми хорижлик лизингга берувчилардан олинган. Cirium таҳлил компанияси маълумотига кўра, 777 самолётдан 515 самолёт лизингга олинган.

Аммо бу уларнинг барчаси хорижда ушлаб қолинишини англатмайди - бу фақат муайян бир компания, масалан, лизингга берувчи талаби билан бўлиши мумкин. Шу билан бирга бундай ҳолатлар аллақачон содир бўлиб улгурган.

Қолаверса, 24-26 февраль кунларидан буён Россия авиакомпаниялари Россияга қарши санкциялар киритиб, ўз ҳаво кенгликларини ёпган давлатлар устидан учишни тўхтатган (дунёнинг 35 дан ортиқ давлати).

5 март куни, Росавиация баёноти ортидан бир неча йирик авиакомпаниялар халқаро рейслар тўхтатилишини эълон қилди:

  • «Аэрофлот» («Победа» ва «Аврора» ҳам) - 8 мартдан
  • AzurAir - 8 мартдан
  • Nordwind, PegasFly - 7 мартдан
  • Royal flight - 5 мартдан

Шу билан бирга бундан кейин ҳам учишда давом этиши мумкин бўлган компаниялар ҳам бор, бундай компанияларнинг самолётлари Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган.

Фото: Getty Images

«Известия» маълумотига кўра, камида тўртта Россия авиакомпаниясини бундай рўйхатга киритиш мумкин.

Булар Red Wings ва SSJ русумли ўз самолётлари бўлган «Азимут». Шунингдек ўзининг Boeing 737 ва «Ираэро» русумли самолётларига эга бўлган UTair.

Аммо уларда ҳам муаммолар туғилиши мумкин - масалан SSJ самолётларида Европада ишлаб чиқарилган қисмлар ва узеллар мавжуд. Бундан ташқари, бу самолёт тўхтовсиз узоқ масофаларга уча олмайди - у аввалдан минтақавий парвозлар учун мўлжаллаб ишлаб чиқарилган.

Boeing самолётларидан Россия бўйлаб парвозларда фойдаланишда давом этмоқчи бўлаётган компанияларда эса бу самолётларга хизмат кўрсатишда мураккабликлар юзага келади. 2 март куниёқ Boeing Россияга эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тўхтатишини маълум қилганди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бу 7 март кунигача содир бўлиши мумкин.

Хориж компаниялари учишда давом этиши мумкинми? Улар билан барчаси жойидами?

Россияга қарши санкциялар қўлламаган мамлакатларнинг авиаташувчилари бу ерга учишда давом этиши мумкин.

Масалан, бу Сербия ва Туркиянинг миллий ташувчилари - Air Serbia ва Turkish Airlines.

Аммо бундай авиакомпанияларнинг ҳам кўплари самолётларни ижарага олган ёки Европа компанияларида суғурталаган. Натижада улар ҳам Европадаги контрагентлар талабига кўра парвозларни тўхтатишига тўғри келиши мумкин.

Масалан, Egypt Air компанияси 4 март куни Россияга парвозларни тўхтатди - ҳозирча 10 мартга қадар. Компания буни Европадаги айрим контрагентлар «Украина атрофидаги воқеалар ва Европанинг РФга қарши санкциялари туфайли Москвага учиш ва қайтиш рейсларини суғурта қилиш»дан бош тортгани билан изоҳлади (иқтибос ТАССники).

Озарбойжоннинг икки авиакомпанияси AZAL ва Buta Airways - 6 март кунидан Россия Федерациясининг барча шаҳарларига парвозларни бекор қилди.

Улар ҳам бу қарорга изоҳ сифатида санкциялар туфайли авиация суғуртаси ва қайта суғуртаси бўйича юзага келган ўзгаришларни келтирган.

Россия авиакомпаниялари самолётларига нима бўлади?

Буни олдиндан айтиш мураккаб.

Авиация маъмуриятининг айрим ҳаракатлари шуни кўрсатдики, лизингга берувчилар ўз самолётларини қайтаришни талаб қилса ҳам, Россия компаниялари бу талабларни бажармаслик йўлини излаб кўришади.

5 март куни транспорт вазирлиги томонидан тайёрланган Россия ҳукумати қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ушбу ҳужжат Россия авиация қоидаларига мувофиқ берилган техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатига эга бўлган россиялик юридик шахслар томонидан самолётларга техник хизмат кўрсатилишига рухсат беришни ҳам назарда тутади.

РБК  маълумотига кўра, 2 март куниёқ транспорт вазирлигида Ғарбдаги лизинг компаниялари томонидан самолётларни қайтариш бўйича талаблар кела бошлагач, қандай йўл тутиш бўйича вариантлар муҳокама этилган. Вариантлардан бири сифатида авиация паркини миллийлаштириш ҳам кўриб чиқилган.

Мавзуга оид