Спорт | 16:05 / 08.03.2022
28835
8 дақиқада ўқилади

Месси ва Мбаппе Мадридда «Реал»га қарши, «Интер» Англияда сенсация қайд эта оладими? ЕЧЛ 1/8 финал жавоб ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Икки ҳафталик танаффусдан кейин Чемпионлар лигаси 1/8 финал жавоб учрашувларига старт берилади. Сешанба оқшомида «Ливерпуль» ва «Бавария» чоракфиналга йўлланма олишга яқин бўлса, чоршанба оқшомида финал олди финалда «Реал» ва «ПСЖ» ўзаро тўқнаш келиб, ЕЧЛ ғолиблигига даъвогарлардан бири турнирдаги иштирокини эрта якунлашига тўғри келади. Мухлисларга ёд бўлиб қолган мадҳия садолари янграшидан аввал Tribuna.uz ҳал қилувчи баҳсларнинг тахминий таркиблари ва превьюсини тақдим этади.

«Интер» Ливерпулда сенсация қайд эта оладими?

Миланда ўтган дастлабки учрашувда «Ливерпуль» Фирмино ва Салоҳнинг голлари эвазига Италиядан деярли йўлланма билан қайтди. Ҳар ҳолда сафарда икки тўп фарқида ғалаба қозониш Юрген Клопп жамоасига «Энфилд Роад»даги жавоб баҳси олдидан яхшигина устунлик беради. Шу куни Фирмино, Матип ва Тьяго Алькантара мезбонларга ёрдам бера олмаса-да, бу йўқотишлар немис мураббийи учун бошоғриқ бўлмайди. Аммо миланликлар сафидаги биргина Барелланинг дисквалификациясини Симоне Индзаги учун жиддий йўқотиш сифатида баҳолаш мумкин.

Фото: Getty Images

«Интер» еврокубоклар доирасида Англияда 16 марта меҳмон бўлиб, фақат 4 учрашувда ғалаба билан қайтган. «Нерадзуррилар» сўнгги марта 2010 йилда Лондонда «Челси»га қарши саф тортиб, Самуэль Это'онинг голи эвазига (1:0) ЕЧЛ ғолиблиги сари навбатдаги қадамни ташлаганди. Индзаги шогирдлари А Серия сўнгги турида «Салернитана»ни мағлуб (5:0) этиб, 5 ўйинлик ғалабасиз сериясига барҳам берган бўлса-да, ғалабали сериясини қаторасига 12тага етказган «Ливерпуль» мухлислари қаршисида сенсация рўй беришига йўл қўймаслиги эҳтимоли жуда юқори.

Дастлабки ўйинлар доирасида «Бавария»нинг камтарона «Зальцбург»ни мағлуб эта олмагани, аниқроқ қилиб айтганда, 90-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолгани кўпчилик учун кутилмаган натижа бўлди – 1:1. Юлиан Нагельсманннинг собиқ «РБ Лейпциг» клубига номдош ва услуб жиҳатдан ҳам ўхшаш бўлган Австрия клуби Мюнхенда ҳам барчани ҳайратлантириши мумкин. Ўз вақтида Мюнхендан «Ред Булл Зальцбург»га кўчиб ўтган Карим Адейеми энди австрияликлар етакчиси сифатида «Бавария»га қарши саф тортади.

Фото: Getty Images

Месси ва Мбаппе Мадридда меҳмон

Мадридликлар 1/8 финалда яна муаммога дуч келишмоқда. «Реал» ЕЧЛ сўнгги уч мавсумида икки марта турнирдаги иштирокини айнан нимчоракфиналда якунлаганди. «Қироллик клуби» Лионель Месси «Сантьяго Бернабеу»да меҳмон бўладиган бу сафарги баҳсида ҳам мусобақа билан хайрлашишни истамаслиги аниқ.

Аргентиналик 34 ёшли ҳужумчи Чемпионлар лигаси тарихида 1/8 финал босқичининг энг сермаҳсул футболчиси саналади. Фаолияти давомида 45та «Эль-Класико»да тўп сурган Мессининг «Бернабеу»да нималар қилгани мадридлик мухлислар ёдидан чиқмаса керак. Жумладан, 2010/11 йилги мавсумда Лео 1/8 финалда «Реал»га қарши Мадриддаги ўйиннинг сўнгги 15 дақиқасида дубль қайд этиб, муҳташам «Бернабеу»ни сукунатга чўмдирганди.

Бу сафарги қарама-қаршиликдан олдин Карло Анчелотти таркиб борасида етарлича муаммоларга эга. Каземиро ва Менди дисквалификация сабабли ўйнамаса, майдон марказидаги Валверде ва Крооснинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

Парижликлардан Рамос майдонга тушмаслиги аввалдан маълум бўлса, Мбаппе душанба куни жароҳат олгач, Почеттинода жиддий муаммо юзага келганди.

Аммо кечга яқин франциялик форварднинг жароҳати жиддий эмаслиги хабар қилиниб, унинг Мадридда тўп суриши айтилди. Дастлабки баҳсда «ПСЖ»га ғалаба келтирган Килиан ёзда Мадридга кўчиб ўтиш олдидан «Сантьяго Бернабеу»даги мухлислари қаршисида яна бир марта нималарга қодирлигини кўрсатишга интилса, ажабмас. Ҳар қанақасига ҳам чоршанба оқшомида ЕЧЛ асосий фаворитларидан бири билан хайрлашади.

Фото: Getty Images

Туннинг иккинчи ўйиндаги баҳсда саволга ўрин қолмаган - «Манчестер Сити» деярли чоракфиналда. Сафардаги 5:0 ҳисобли ғалабадан кейин Гвардиола жамоаси ўз майдонида «Спортинг» дарвозасига яна нечта гол уради – шу савол мухлисларни қизиқтираётган бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

ЕЧЛ. 1/8 финал. Жавоб учрашувлари

8 март (сешанба)

«ЛИВЕРПУЛЬ» - «ИНТЕР»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Спорт

Биринчи ўйин: 2:0

«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Конате, ван Дейк, Робертсон; Ҳендерсон, Фабиньо, Кейта; Диас, Салоҳ, Мане

Сўроқ остида: Фирмино (мушак), Матип (бетоб), Тьяго Алькантара (мушак)

«Интер»: Ҳанданович; Шкриниар, де Врей, Бастони; Думфрис, Видаль, Брозович, Ҳоқон Чалхонўғлу, Перишич; Жеко, Лаутаро Мартинес

Ўйнамайди: Барелла (дисквалификация)

«БАВАРИЯ» - «ЗАЛЬЦБУРГ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Маҳалла

Биринчи ўйин: 1:1

«Бавария»: Нойер; Павар, Зюле, Упамекано, Эрнандес; Киммих, Мусиала; Сане, Мюллер, Коман; Левандовски

Ўйнамайди: Горецка (тизза), Дэвис (юрак), Толиссо (сон)

Огоҳлантирилса кейинги учрашувни ўтказиб юборади: Эрнандес

«Зальцбург»: Кен; Кристенсен, Пентковски, Вебер, Ульмер; Камара; Сучич, Аронсон, Зайвальд; Адаму, Адейеми

Ўйнамайди: Окох (тизза), Кота (тизза), Онгене (бетоб)

Сўроқ остида: Соле (сон), Окафор (сон), Шешко (сон)

Огоҳлантирилса кейинги учрашувни ўтказиб юборади: Адейеми, Камара, Зайвальд, Ульмер

9 март (чоршанба)

«РЕАЛ» - «ПСЖ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Спорт

Биринчи ўйин: 0:1

«Реал»: Куртуа; Карвахаль, Эдер Милитао, Алаба, Начо; Модрич, Кроос, Вальверде; Асенсио, Бензема, Винисиус Жуниор

Ўйнамайди: Каземиро (дисквалификация), Менди (дисквалификация)

Сўроқ остида: Кроос (мушак), Вальверде (шамолллаш)

Огоҳлантирилса кейинги учрашувни ўтказиб юборади: Эдер Милитао

«ПСЖ»: Навас; Ҳакими, Маркиньос, Кимпембе, Нуну Мендеш; Гуэй, Верратти, Данилу; Месси, Мбаппе, Неймар

Ўйнамайди: Рамос (мушак), Кюрзава (бел)

Сўроқ остида: Эррера (кўз)

Огоҳлантирилса кейинги учрашувни ўтказиб юборади: Данилу, Кимпембе, Паредес, Верратти

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» - «СПОРТИНГ»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Маҳалла

Биринчи ўйин: 5:0

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Жоау Канселу, Стоунз, Ляпорт, Зинченко; Бернарду Силва, Фернандиньо, Гундўған; Стерлинг, Жезус, Грилиш

Ўйнамайди: Рубен Диаш (мушак), Уокер (дисквалификация)

Сўроқ остида: Аке (номаълум), Палмер (тўпиқ)

Огоҳлантирилса кейинги учрашувни ўтказиб юборади: де Брейне, Жоау Канселу

«Спортинг»: Адан; Инасиу, Коатес, Феддаль; Порро, Угарте, Эссугу, Матеус Рейс; Сарабия, Слимани, Нуну Сантуш

Ўйнамайди: Матеус Нунес (дисквалификация), Браганса (тўпиқ), Педру Гонсалвеш (мушак), Жоау Пальинья (мушак)

Огоҳлантирилса кейинги учрашувни ўтказиб юборади: Феддаль, Жоау Пальинья, Педро Порро.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид