Жаҳон | 07:17 / 10.03.2022
30638
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореядаги президентлик сайловларида мухолифатчи Юн Сок Ёл ғалаба қозонди

«Фуқаролик кучи» консерватив мухолифат партиясидан номзод Юн Сок Ёл Жанубий Корея президенти бўлди. Бу ҳақда мамлакат миллий сайлов комиссияси хабар қилмоқда.

Фото: AFP

Жанубий Кореяда президентлик сайлови 9 март куни бўлиб ўтди, унда сайловчиларнинг 77,1 фоизи иштирок этди, 44 миллиондан ортиқ сайловчининг 34 миллиондан ортиғи овоз берди.

Президентликка асосий номзодлар ҳукмрон Бирлашган демократик партиядан Ли Чже Мён ва унинг мухолифатдаги консерватив «Фуқаролик кучи» партиясидан асосий рақиби Юн Сок Ёл бўлди. Марказчи «Халқ партияси»дан мамлакатдаги учинчи энг машҳур номзод Ан Чол Су сайлов олдидан номзодини Юн Сок Ёл билан бирлаштирганини эълон қилди.

Миллий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 100 фоиз овоз санаб чиқилгач, Юн Сок Ёл 48,56 фоиз, Ли Чже Мён эса 47,83 фоиз овоз олгани аниқланди.

«Сайловолди ташвиқотини олиб боришда мен кўп нарсаларни ўргандим. Масалан, давлат раҳбарига нима керак, фуқароларнинг овозини қандай эшитиш керак, сабаби сайлов ўтказяпмиз, фуқаролар учун курашяпмиз. Ҳозир рақобат тугади ва биз фуқароларимиз ҳамда Корея Республикаси учун кучимизни бирлаштиришимиз керак», деди Юн Сок Ёл ғалабадан кейин халққа мурожаатида. 

У конституция ва парламентни ҳурмат қилишини, ҳозирда демократлар кўпчилик ўринларни эгаллашини ва Демократик партия билан кучларини бирлаштиришини таъкидлади. 

Собиқ бош прокурор Юн Сок Ёл яқинда сиёсатга кирди. У 2020 йил охирида, ҳукуматнинг прокуратурани ислоҳ қилишига очиқчасига қарши чиққани ва оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олинган пайтдан бошлаб жамоатчилик орасида машҳур бўла бошлади. Консерватив сайловчилар эътиборини унинг собиқ президент Мун Чже Ин маъмуриятига ва ўша пайтда тайинланган собиқ адлия вазири Чху Ми Эга қарши узоқ давом этган кураши жалб қилди.

Юн Сок Ёл ҳукуматни қобилиятсиз ва коррупциялашган деб атаб, ҳокимиятни «хусусийлаштираётгани» ва халқни «талон-торож қилаётгани»ни билдирган. Бу жараёнда бош прокурор бир қанча ахлоқий ва ҳуқуқий қоидабузарликларда айбланиб, бир неча бор ишдан мажбуран четлаштирилди, бироқ кейинчалик судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилди. 2021 йил март ойида у ўз лавозимини тарк этди ва президентлик сайловларида мустақил номзод сифатида иштирок этишга қарор қилди, аммо кейин «Фуқаролик кучи» партиясига қўшилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид