Жанубий Кореяда суд мамлакат собиқ президенти Юн Сок Ёлни Шимолий Кореяга дрон юборилишини ташкиллаштиргани учун 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У ўтган йили ҳам мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ исён ташкил қилишда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Прокуратурага кўра, Юн 2024 йил октябрида КХДР ҳудудига дронлар учириш бўйича операция ўтказишга буйруқ бергани аниқланган – у бу орқали Пхенянга провокация қилиш ва ҳарбий ҳолат жорий этиш учун баҳонага эга бўлишни мақсад қилганди. 

3 декабр куни, Юн уруш аломатлари бўлмаган ҳолда ҳарбий ҳолат эълон қилганди, у ўшанда мамлакатни Шимолий Кореяга хайрихоҳ бўлган «давлатга қарши» кучлардан ҳимоя қилаётганини таъкидлаганди.

Мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишга кутилмаган уриниш олти соат ўтиб муваффақиятсизликка учради: парламент ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди, президент эса ортга чекинди.

Парламент аввалига президентга импичмент эълон қилди, кейин эса у Конституциявий суд томонидан лавозимидан бутунлай четлаштирилди.

Кўп ўтмай у ҳибсга олинди ва исён ташкил этишга уринишда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Прокуратура у учун ўлим жазоси талаб қилганди. Айблов томони версиясига кўра, у ҳокимиятнинг суд ва қонун чиқарувчи тармоқлари устидан назоратни қўлга киритиш орқали ҳокимиятни сақлаб қолишга интилиб, ҳарбий ҳолат эълон қилганди.

Жума куни Сеул округ суди Юнни, шунингдек, унинг ҳукуматида мудофаа вазири бўлган Ким Ён-ҳён, мамлакат мудофаа вазирлиги Ҳарбий контрразведка қўмондонлиги собиқ раҳбари Йо Ин Ҳюн ҳамда Дронлар билан амалиёт ўтказиш қўмондонлиги собиқ раҳбари Ким Ён-дэни душман томонга ёрдам бериш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш айбловлари бўйича айбдор деб топди. Ким 30 йилга қамалди, Ёга 15 йил берилди, Ким Ён-дэ эса 5 йиллик синов муддати билан 3 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинди.

«Судланувчилар ҳарбий операциядан Шимолий Кореяни провокация қилиш ва фавқулодда ҳолат яратиш учун ниқоб сифатида фойдаланишган», – дейилади суд ҳукмида.

Суднинг ҳисоблашича, учала ҳарбий амалдор ҳам «Шимолий Кореяга провокация қилган» ва бу билан «ҳарбий можаро хавфини оширган», аммо бу воқеа учун «энг катта масъулият» Юннинг зиммасида бўлган.

Юннинг адвокатлари унинг ҳаракатларини «Шимолий Кореянинг чиқинди солинган ҳаво шарлари орқали қилган провокациялари»га «қонуний» жавоб деб аташмоқда.