Ўзбекистон | 19:46 / 10.03.2022
6841
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”да овоз бериш 1 апрелгача узайтирилди

Фуқаролар ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар ечими учун пул ажратилишини сўраб жойлаштирилган жамоавий таклифларга 1 апрелга қадар овоз беришлари мумкин. Молия вазирлиги сайт фаолиятида кузатилган носозликлар туфайли овоз бериш жараёнини узайтирди. Таклифларга овоз бериш 5 мартдан бошланган.

Фото: Kun.uz

Фуқароларнинг “Очиқ бюджет” порталида қолдирилган таклифларига овоз бериш жараёни узайтирилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

“Фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Очиқ бюджет” портали орқали киритилган ташаббусларга овоз бериш жараёни муддатини сайт фаолиятида кузатилган носозликларни бартараф этиш учун кетган вақтга мутаносиб равишда 1 апрел кунига қадар узайтирилишини маълум қиламиз. Сизда ўз ташаббусингизни қўллаб-қувватлаш ва кўпроқ овоз тўплаш имконияти мавжуд”, – дейилади расмий хабарда.

Овоз бериш жараёни 5 мартдан бошланган. “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи – овоз бериш босқичи 20 кун давом этиши белгиланган ва аввалроқ муддат 25 мартгача деб эълон қилинганди.

“Ташаббусли бюджет”да таклиф қолдириш 2022 йилнинг феврал ойидан бошланганди. Бу босқичда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун йўналтирилган 1 трлн сўмдан ортиқ маблағлар бўйича умумий 69 700 та ташаббус келиб тушган.

Энг кўп таклифлар ички йўлларни таъмирлаш (17268), умумтаълим мактаблари (10140) ва мактабгача таълим (3633) соҳаларига оид. Энг фаол ҳудудлар эса Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари бўлди.

Мавзуга оид