16:21 / 10.03.2022
8815

Ўн бир йиллик «снос»: ким ҳақ-у ким ноҳақ

Андижон вилояти Асака туманидаги Файзиобод ва Қонди маҳаллаларидаги хонадонлар йўл кенгайиши сабаб 2011 йил «снос»га тушади. Бироқ 180 та хонадондан бир нечтасига ер ажратилмасдан қолади.

Kun.uz таҳририятига мазкур муаммо бўйича фуқаролар мурожаат йўллашди. Мурожаатни ўрганиш учун мухбирлар икки маҳаллага ташриф буюрди.

Аниқланишича, 2011 йил 7 ноябр кунги Асака туман ҳокимлигининг тегишли қарорига асосан 180 та фуқароларга 6 сотихдан ер ажратилиши қайд этилган. Бироқ негадир рўйхатда бўлишига қарамасдан Сардорбек Абдулҳамидовга жой ажратилмайди.

“2011 йили еримдан 2.5 сотих кетган. Қолаверса, бизга тегишли бўлган ердан катта кўчага чиқиш учун йўл ажратилган эди. Шуни инобатга олиб, ҳокимият вакиллари бизга ер бериш бўйича ариза ёздириб олишган. Бироқ аризам ўтмаганини, бизга жой ажратилмаганини айтишган. Орадан вақт ўтиб, бизнинг номимизга ҳам ер ажратилганини ва қарорларини топдик. Қарор бўйича ажратилган ерни сўраб туман ҳокимлигига, туман кадастр бўлимига бир неча маротаба мурожаат қилдик. Аммо мурожаатларимиз самарасиз бўлмоқда” – дейди С.Абдулҳамидов.

Бундан ташқари, худди шундай Қонди маҳалласида истиқомат қилувчи Ғайратбек Исмоиловга ҳам ажратилган ер участкаси ўз эгасига берилмаган.

“Шу ер қолган бизга. Иккита ўғлим бор, иккита қизимнинг турмуши бўлмасдан қайтиб келган. Меҳмон келса, кутиб олгани жойимиз йўқ. Қарор бўйича ажратилган ерни беришганда Ғайратбекни ўша ерга чиқарардим. Августдан бери бир неча маротаба мурожаат қилдик”, – дейди биз билан суҳбатда Ғайратбек Исмоиловнинг онаси Шакархон Исмоилова.

Ҳокимият вакили ўн бир йил олдинги «снос» сабаб ер ололмаган фуқаролар бўйича маълумотга эга эканлигини, муаммони ечиш мақсадида ер кўрсатилгани бироқ мурожаатчилар бундан қаноатланмаётганини таъкидлади.

“Биз икки мурожаатчига ҳам ер ажратиш бўйича жойларни кўрсатдик. Бироқ улар биз кўрсатган жойларни хоҳлашмади. Ўзлари яшаб турган ҳудуддан ер кераклигини таъкидлашган. Биз ўзимиз аукцион орқали ерни ютиб уларга тақдим этамиз. Улар танлаган жой эса экин майдони. Қонунчиликка мувофиқ, экин майдонидан турар жой учун ер ажратиш мумкин эмас” дейди Асака туман ҳокимлиги бош мутахассиси Алишер Эрматов.

Сўнгги йилларда мурожаатларига бир хилда жавоб олаверган фуқаролар ва туман ҳокимлиги ўртасидаги бу «снос» масаласи ижобий ечим топилишидан умид қилиб қоламиз.

Kun.uz мавзуга яна қайтади.

Абдували Қурбонов kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси Азизбек Исмоилов.

Top