Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 10 март кунги матбуот анжуманида давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича белгиланган чоралар ижроси ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Умуман, қарорда кўрган бўлсангиз, агентликка манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган бўлса, тақдимнома киритиб, тўхтатиб туриш ёки судга даъво ариза киритиш ваколати берилди.

Энди, тўхтатиб туриш бўйича ҳам 300 дан ортиқ тақдимнома киритганмиз ва уларнинг барчаси бекор қилинган. Лекин бу – “ручной” режим. Айтганимдай, биз ўша масофавий танлаб оляпмиз-да, [манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатларни] аниқлаяпмиз. Лекин тезроқ бу тизимга ўтишимиз керак. Яъни талабгор буюртмачи билан ўртасида манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлганда, давлат харидларида ёки тендерларда автоматик равишда қатнаша олмаслиги керак.

Бу тизим устида Молия вазирлиги Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси  агентлик билан ҳамкорликда ишлаяпти. Агар бу тизими ишга тушса, тақдимнома киритишга ҳожат бўлмайди. Тизим устида ишланяпти, бунинг биринчи ижрочиси Молия вазирлиги ҳисобланади”, – дея Акмал Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бурҳоновнинг қайд этишича, давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 млрд сўмлик 452 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланган. Бу ҳолатларда коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган 372 та тақдимнома киритилган ва ва танловлар бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 7 июлда президентнинг аксилкоррупцион қарор ва фармони имзоланган эди.

Қарорда, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган (муддат – 2021 йил октябргача; масъул – Адлия вазирлиги). Фармонда эса Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилган.