Ўзбекистон | 07:52 / 12.03.2022
4265
3 дақиқада ўқилади

Ўрмон кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон кодекси лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Кодекс лойиҳасини қабул қилишдан мақсад - ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни тизимлаштириш, соҳадаги қонун ва қонуности ҳужжатлари нормаларини ягона кодексга бирлаштирган ҳолда тўғридан тўғри амал қилувчи қонунни қабул қилиш, ўрмончилик соҳасидаги фаолиятни янада кафолатлаш, ўрмончиликни янада ривожлантириш ҳамда соҳада юзага келаётган муаммоларни ечиш.

Кодекс лойиҳасида республикада ўрмон хўжалиги салоҳиятини ошириш, ўрмонларни сақлаш, барпо этиш ва режали бошқариш орқали экологик фойда кўриш, шунингдек, уларнинг мамлакат ривожланишидаги улушини ошириш бўйича қоидалар назарда тутилмоқда.

Кодекс лойиҳаси 16 та боб ва 88 та моддадан иборат. Лойиҳада:

  • ўрмон соҳасига оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини кўриш;
  • республика ҳудудидаги барча ўрмон фонди ер майдонларини давлат хатловидан ва рўйхатдан ўтказиш, ўрмон тузиш ишлари ҳақидаги ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
  • мавжуд ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш ҳамда иҳотазорлар ва ўрмон плантацияларини барпо этиш;
  • ўрмон фонди ерларини юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш тизимини жорий қилиш орқали иқтисодий фойда олиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • доривор ўсимликларни йиғишда самарадорликни ошириш, табиий ўсимликлар уруғидан фойдаланиш ҳамда хомашёни йиғиш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш жараёнларини такомиллаштириш;
  • соҳа ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўрмон хўжаликлари техника паркини модернизация қилиш, илмий тадқиқотлар олиб боришда фойдаланиладиган лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, ўрмончилар уйи ва кузатув минораларини қуриш;
  • ўрмончилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;
  • соҳага инвестицияларни жалб қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш, халқаро молия институтлари маблағларини ўзлаштириш механизмларини такомиллаштириш;
  • ўрмонларни сақлаш, қайта тиклаш ва кўпайтириш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • ўрмон фонди ерларида экотуризмни ривожлантириш, ёғоч, доривор ва бошқа турдаги импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ишларини кенг йўлга қўйишни такомиллаштиришга қаратилган нормалар назарда тутилган.

Мавзуга оид