Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади
2023 йилда Ўзбекистонда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз берган. Бунинг оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда.
Жумладан, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган. Шундан фақатгина 2023 йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда 797 та ёнғин содир бўлган.
Мажлисда айрим фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги, аксарият ҳолларда ушбу қоидаларга эътиборсизлик билан қараши, шунингдек, амалдаги қонунчиликда қонунбузилиш ҳолатлари учун енгил маъмурий жазо чоралари белгиланганлиги йирик ёнғинлар содир бўлишининг асосий сабабларидан бўлаётгани таъкидланган. Ҳудудларда рўй берган йирик ёнғинлар сабабларини ўрганиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси қайд этишича, давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари етарли эмаслиги сабабли улар томонидан ёнғиннинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмасдан қолмоқда.
Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ёнғин чиқишига олиб келганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгилашни, шахсларнинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда бундай шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.