13:22 / 13.03.2022
53795

Роналду танқидчиларига жавоб қайтарди ва жаҳон рекордини ўрнатди. Кун ўйинлари якунлари

Криштиану «Тоттенҳэм»га ҳет-трик қайд этди, Салоҳ тарихий гол урди, Левандовски навбатдаги рекордни янгилади.

Фото: Getty Images

«МЮ» Чемпионлар лигаси учун курашдаги рақобатчисини мағлуб этди.

Манчестер Юнайтед — Тоттенҳэм 3:2
Голлар: Роналду (12, 38, 81) — Кейн (35, пенальти), Магуайр (72, автогол).
Манчестер Юнайтед — Де Хеа, Далот, Магуайр, Варан, Теллес, Матич (Кавани, 80), Фред, Погба, Санчо, Рэшфорд (Эланга, 68), Роналду (Линделёф, 83).
Тоттенҳэм — Льорис, Доэрти, Дайер, Ромеро, Дэвис (Бергвейн, 87), Регилон, Ҳёйбьерг, Бентанкур (Уинкс, 87), Кулусевски (Моура, 78), Кейн, Сон.
Огоҳлантиришлар: Дайер (30), Фред (35), Погба (85).

«Олд Траффорд»даги ўйин Чемпионлар лигасида ўйнаш ҳуқуқини берувчи 4-ўрин учун кураш туфайли ҳам аҳамиятга эга эди. «Манчестер Юнайтед» бу ўйинга «Уотфордом»га қарши нурсиз дуранг (0:0) ва «Манчестер Сити»дан йирик ҳисобдаги мағлубият (1:4) билан етиб келди. «Тоттенҳэм» эса сўнгги икки ўйинда «Лидс» ва «Эвертон»га жами 9 гол урди ва бирорта гол ўтказмади.

Антонио Конте ўйиндан олдин «шпор»ларнинг мақсадини аниқ баён этди. Барқарор ўйин кўрсата олмаётганига қарамай, жамоа мавсумни кучли тўртликда якунламоқчи.

«Менга «Тоттенҳэм»да ишлаш ёқмоқда. Менинг мақсадим — рақобатбардош бўлиш учун, ғалабага эришиш учун курашиш. Мен чин кўнгилдан шуни хоҳлайман. Умид қиламанки, биз буни уддалай оламиз. Январда биз вазиятни тўғрилай олишимиз мумкинлигини кўрсатдик. Энг яхши тўртликда бўлиш ва Чемпионлар лигасига йўл олиш учун янада яхшироқ ўйнашимиз керак», — деди италиялик мутахассис ўйиндан олдин.

«Қизил иблислар»да асосий юлдуз билан боғлиқ кичик можаро рўй берди. Расмий маълумотга кўра, «Сити»га қарши ўйинда Криштиану Роналду бел соҳасидаги муаммо туфайли ўйнамаган. У ўша ўйин вақтида трибунада ўтирмади ва даволаниш учун Португалияга учиб кетди. «Шпорлар»га қарши ўйинга у тайёр ҳолатда қайтди ва илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди.

37 ёшли футболчи 12-дақиқадаёқ жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси билан Уго Льорис қўриқлаётган дарвоза «тўққизлиги»ни аниқ нишонга олди. Бу гол португалиялик ҳужумчи учун 2022 йил бошидан буён атиги иккинчи, АПЛнинг жорий мавсумидаги 10-голи бўлди. Роналду қаторасига 16-мавсумда турли чемпионатларда камида 10тадан гол урмоқда.

«Тоттенҳэм» ўйинга тезда қайтди ва иккинчи уринишда ҳисобни тенглаштирди. Бен Дэвис томонидан урилган биринчи гол ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилиши туфайли бекор қилинди. 34-дақиқада эса ҳакамлар «шпорлар»га ёрдам беришди. Деян Кулушевскининг қанотдан берган узатмаси Алекс Теллеснинг қўлига тегди — Ҳарри Кейн имкониятдан фойдаланди ва пенальтидан гол уриб ҳисобни тенглаштирди.

Криштиану эса тўрт дақиқа ўтиб яна клубини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бу голни ҳисоблаш учун арбитр Жонатан Мосс видеоассистентларни эшитишига тўғри келди — ассистент Жейдон Санчо узатмани қабул қилишдан олдин офсайдда бўлмагани тасдиқланди. «Тоттенҳэм» жарима майдонига кириб борган англиялик футболчи тўпни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб келган Роналдуга етказиб берди ва у фаолиятидаги 806-голни урди ва футбол тарихидаги энг кўп гол урган футболчига айланди.

Иккинчи бўлимда «шпорлар» узоқ вақт жавоб қайтара олишмади, лекин уларга Ҳарри Магуайр ёрдамга келди. «МЮ» ҳимоячиси Серхио Регилоннинг қанотдан узатмасини ўз жамоаси дарвозасига тўғрилаб юборди.

Аммо Роналду бундай оқшомда дуранг ҳисобга рози эмасди. 82-дақиқада Алекс Теллес бурчакдан тўпни португалиялик футболчининг бошига чиқариб берди, у эса «иккинчи қават»да барчадан баланд сакраб, ғалаба голини урди. Шундан сўнг Криштиану олқишлар остида майдонни тарк этди, бош мураббий қолган вақт давомида ҳисобни сақлаб қолишга киришиб кетди.

Роналду футболчилик фаолиятида расмий ўйинларда урган голлари сонини 807тага етказди - бундан аввалги рекорд ўтган асрнинг биринчи ярмида ўйнаган австриялик Йозеф Бицанга тегишли эди - унинг ҳисобига 805 гол ёзилган.

«МЮ» яна Чемпионлар лигаси ўринлари учун курашга қайтди. Сешанба куни — «Атлетико»га қарши ўйин, бу Роналдунинг энг севимли рақибларидан бири.

«Ливерпуль» ўйинда қолмоқда

Брайтон – Ливерпуль 0:2
Голлар: 0:1 – 19 Диас, 0:2 – 61, пенальти Салоҳ.
Брайтон – Санчес, Лэмпти, Данк, Велтман, Кукурелья, Марч, Биссума (Уэлбек, 66), Мак Аллистер, Альсате (Лаллана, 46; Гросс, 53), Троссард, Мопе.
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Робертсон, Хендерсон (Милнер, 86), Фабиньо, Кейта (Тиаго Алькантара, 65), Салоҳ (Диогу Жота, 65), Мане, Диас.
Огоҳлантиришлар: Биссума (55), Мак Аллистер (75), Мопе (81), Фабиньо (84).

«Ливерпуль»да ҳозир энг асосий мавзу — Салоҳнинг янги шартномаси. Ҳозирча томонлар танаффус қилишган, аммо клубда қолишни қанчалик истамасин, мисрлик футболчи клуб томонидан таклиф этилаётган шартларда шартномани янгиламоқчи эмас. Шу билан бирга бу вазият унинг ўйинига таъсир кўрсатмаяпти ва қизиллар йилни йўқотишларсиз давом эттирмоқда.

«Чайкалар» меҳмони бўлган Юрген Клопп жамоаси керакли темпда ўйнади, Диас эса боши билан гол уриб ҳисобни очди. Аммо колумбиялик футболчи бу зарбани бериши биланоқ «Брайтон» дарвозабони Санчесга тўқнашди ва маълум вақт газонда ётди, мезбонлар дарвозабони бу ҳаракати учун жазо олмади, лекин бу мезбонларга ёрдам бермади. Иккинчи бўлим бошида улар қулай имкониятни йўққа чиқаришди, кўп ўтмай тўп Биссуманинг қўлига теккач, меҳмонлар пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди.

11 метрли нуқтага яқинлашган Салоҳ жорий мавсумдаги 20-голини урди, бу гол «Ливерпуль»нинг АПЛ ўйинларидаги 2000-голига айланди.

Ҳозирда «Ливерпуль» (28 ўйинда 66 очко) «Сити»ни (28 ўйинда 69 очко) 3 очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Гвардиола шогирдларининг 29-тур доирасидаги ўйини 14 март куни «Кристал Пэлас»га қарши ўтказилади.

Чемпионлик пойгаси давом этади, бу пойгада «Ливерпуль»нинг чоршанба куни «Арсенал»га қарши кечадиган қолдирилган учрашуви натижаси муҳим рол ўйнаши мумкин. Бу ўйиндан кейин мерсисайдликлар «Манчестер Сити» билан ўтказилган ўйинлар сони бўйича тенглашиб олишади.

Италия: Шченсни — пенальтистларнинг қўрқинчли туши

Сампдория – Ювентус 1:3
Голлар: 0:1 – 23, автогол Йосида, 0:2 – 34, пенальти Мората, 1:2 – 84 Сабири, 1:3 – 88 Мората.
Сампдория – Фальконе, Берешиньски, Йосида, Колли, Ауджелло (Конти, 83), Кандрева, Торсбю, Ринкон (Тримболи, 83), Сенси (Жовинко, 66), Куальярелла (Сабири, 62), Капуто.
Ювентус – Шченсни, Данило, Ругани, де Лигт, Пеллегрини (Де Шильо, 85), Куадрадо, Рабьо (Алекс Сандро, 75), Локателли, Артур, Мората, Кин (Влаҳович, 65).

«Ювентус» тўртинчи ўринни мустаҳкамлаб (29 ўйинда 56 очко), «Аталанта» (27 ўйинда 47 очко) билан масофани сақлашда давом этмоқда. Генуяда туринликлар Массимилиано Аллегрининг ўзига хос ўйинини — интизомли ва прагматик ўйинни намойиш этишди. Меҳмонларнинг тезкор қарши ҳужумлари «Сампдория» дарвозасини доимий таҳликада ушлаб турди. Ўйин бошидаёқ Йосида Куадрадонинг узатмасини тўсишга ҳаракат қилиб, ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди, Колли эса жарима майдони ичида Мойзе Кинни йиқитди ва Мората пенальтидан унумли фойдаланиб, танаффусга қадар «Юве» учун қулай ҳисобни таъминлади. Испаниялик футболчини реализация учун кўп танқид қилишади, аммо у жамоаларига фойда келтирмоқда, у сўнгги саккиз мавсумда камида 10тадан гол урган.

«Кекса синьора» ҳисобни сақлаш учун ўйнашнинг ҳадисини олган, аммо бу сафар ўйин асаббузарликларсиз кечмади. Шченсни А Серия ўйинларида қаторасига учинчи пенальтини қайтариб, жамоасини қутқарди, аммо кейинроқ «Сампдория» рикошет туфайли ҳисобни қисқартиришга эришди. Воқеаларнинг бундай ривожида ғалаба иккинчи томонга ўтиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо меҳмонлар нафақат устунликни сақлаб қолишди, балки Моратанинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси билан устунликни янада оширишди. Афтидан, бундай темпда «Ювентус» тўртинчи ўринни сақлашга интилмасдан, учинчи ўрин учун «Наполи»га қарши кураш бошласа ҳам бўлади.

Милан — Эмполи 1:0
Гол: Калулу (19).
Милан – Меньян, Калабрия, Томори, Калулу, Флоренци, Кессиэ (Диас, 72), Бинносир (Крунич, 88), Тонали, Жиру (Ибраҳимович, 83), Леау (Ребич, 83), Мессиас (Салемакерс, 72). 
Эмполи – Викарио, Фьямоцци (Стоянович, 63), Романьоли, Луперто, Какаче (Паризи, 63), Ҳендерсон (Кутроне, 63), Бандинелли (Бинасси, 71), Байрами (Ди Франческо, 71), Журковски, Аслани, Пинамонти.
Огоҳлантириш: Тонали (90).

«Милан» ва «Ювентус» ҳозирда фақат натижа учун ўйнамоқда, дейиш мумкин. «Россонери» ҳам катта куч сарфламай, очко жамғаришда давом этмоқда. Февраль ойи охирида «Салернитана» (2:2) ва «Удинезе»га (1:1) қарши ўйинлардаги йўқотишларни ҳисобга олмаганда, барчаси режа бўйича кетмоқда. Ўтган ҳафтада Неаполдаги ғалаба жамоани биринчи ўринга қайтарганди, «Эмполи» билан ўйин эса миланликлар етакчиликни бой бермоқчи эмаслигини кўрсатди.

Айтиш мумкинки, улар 19-дақиқадан бошлаб ҳисобни сақлаш учун ўйнади, Калулу ўйин бошидаёқ ҳисобни очди, Стефано Пиоли учун бу унинг бошқарувидаги жамоалар А Серия ўйинларида урган 600-гол бўлди. Ўйиннинг қолган қисмида «Милан» вазиятлар яратишда давом этди, аммо, «Эмполи» ҳам иккинчи бўлим бошида Меньян дарвозасини қамал қилди. Аммо миланликлар кўп ўтмай ташаббусни яна ўз томонларига оғдиришди. Тўп дарвоза атрофидан узоқлаштирилди ва қолганини футболчиларнинг савияси ҳал қилди.

Германия: «Бавария» тўхтатилди

Ҳоффенҳайм – Бавария 1:1 
Голлар: 1:0 – 32 Баумгартнер, 1:1 – 45 Левандовски.
Ҳоффенҳайм – Бауманн, Кадержабек (Акпогума, 74), Фогт, Пош, Гриллич, Раум, Баумгартнер (Бруун Ларсен, 74), Самассеку (Гайгер, 61), Штиллер, Рюттер (Бебу, 46), Крамарич (Даббур, 90).
Бавария – Нойер, Зюле, Эрнандес, Павар, Гнабри, Киммих, Мусиала (Забитцер, 81), Мюллер (Шупо-Мотинг, 81), Левандовски, Коман, Сане.
Огоҳлантиришлар: Самассеку (30), Гриллич (38), Эрнандес (44), Рюттер (45), Пош (66).

Зинсҳаймдаги учрашув — бундеслиганинг навбатдаги туридаги асосий ўйин бўлди. «Ҳоффенҳайм» ҳозирда яхши формада ва қаторасига тўрт ғалабадан кейин Чемпионлар лигаси ҳудудига ёриб кирган, шу туфайли «Бавария» уни қўрқита олмасди. Аксинча, мезбонлар ўйинни шу қадар шиддатли бошлашдики, дебютдаёқ Крамарич ҳисобни очиши мумкин эди. Биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида Раум тўпни узоқ устун олдига ташлаб берди ва Баумгартнер тўпга чиқиб келган Ульрайхни доғда қолдирди.

Лекин бу мезбонлар тўлиқ устунлик қилганини англатмайди, танаффусга қадар «Бавария» футболчилари бир марта дарвоза устунини пойлашди, мюнхенликларнинг икки голи офсайд туфайли бекор қилинди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Левандовски бурчак зарбасидан кейин дарвозани ишғол қилди ва бу бўлимнинг мантиқий якуни эди. Иккинчи бўлим бошида ҳам амалдаги чемпионларнинг яна бир голи бекор қилинди ва меҳмонларнинг шашти тушди.

Бу дурангдан хафа бўлиш учун «Бавария»да сабаблар кўпроқ. Бошқа томондан дарвозабон мюнхенликларни икки бор қутқарди. Шунингдек, меҳмонлар дарвозабони Бауманн ҳам Саненинг оғир зарбасини қайтарди, Гнабри ўз юришини дарвоза устунини кўзлаш билан якунлади, Мюллернинг зарбасини дарвоза чизиғи устида мезбонлар ҳимоячиси Пош тўхтатиб қолди. Бу ўйин натижаси иккинчи ўринда келаётган Дортмунднинг «Боруссия» клубини (24 ўйинда 50 очко, «Бавария» 26 ўйинда 60 очко тўплаган), шунингдек «Ҳоффенҳайм»нинг (жамоа 26 турдан кейин 44 очко билан 5-ўринда) рақибларини хурсанд қилди. «Фрайбург» (26 ўйин, 44 очко) шанба куни тўплар нисбатига кўра тўртинчи ўринга кўтарилди, якшанба кунги ўйинлардан кейин «Лейпциг» (25 ўйин, 41 очко) тўртинчи ўринга чиқиши мумкин.

Кун статистикаси

  • АПЛда уй ўйинларида биринчи бўлиб 400 ғалабани қайд этган жамоа «Манчестер Юнайтед» бўлди.
  • Топ-5 чемпионатларида йил бошидан буён икки қизил карточка олган футболчи — «Ницца» ҳимоячиси Данте.
  • «МЮ»нинг АПЛдаги ўйинларида тўпурарлари рўйхатида 4-ўринни Криштиану Роналду банд этди, у ҳет-трик эвазига Энди Коул ва Руд ван Нистелройни ортда қолдирди.
  • Роналду ўз клубларида қаторасига 13 йил ҳет-триклар қайд этмоқда.
  • «Фрайбург» яримҳимоячиси Грифо бундеслигада 2012 йилда дебют қилганидан буён 15 марта жарима зарбасини голга айлантирди. Бу Германия чемпионати иштирокчилари орасида энг яхши натижа.
  • Германия чемпионатининг жорий мавсумида «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски сафар ўйинларида 17 гол урди. У 1973/74 йилги мавсумда Юпп Ҳайнкес томонидан ўрнатилган ва икки йил муқаддам Вернер («Лейпциг») томонидан такрорланган бундеслига рекордини такрорлади.
  • АПЛ ўйинларида Салоҳ 158 (115+43) натижасини қайд этиб, Робби Фаулер билан тенглашди. «Ливерпуль» футболчилари орасида бундан кўпроқ гол ва узатмалар Стивен Жеррард ҳисобига ёзилган (212).
Top