Ўзбекистон | 07:15 / 14.03.2022
7141
2 дақиқада ўқилади

Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонини акс эттирувчи маълумотни ошкор қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Фото: Shutterstock

Президент “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги ва Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси 2022 йил 1 июнга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
  • чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистондан чиқариб юбориш ва Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;
  • аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
  • шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;
  • икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш.

Бундан олдин алимент бўйича қарзи бор фуқароларга машина ҳайдаш тақиқланиши хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид