Иқтисодиёт | 20:40 / 17.03.2022
32648
2 дақиқада ўқилади

Аксилмонопол қўмита шакар нархини асоссиз ошириш учун жавобгарлик ҳақида эслатди

Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўра, ички бозорда шакар маҳсулотлари нархларининг қимматлашгани Россия ва Украинадаги вазиятга боғлиқ эмас.

«Бугунги кунда ички бозорлардаги шакар маҳсулоти нархининг асоссиз кескин ошиши кузатилмоқда. Россия ва Украина давлатлари томонидан шакар экспорти тўхтатилганининг Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсири йўқ. Бу икки давлатнинг ички бозордаги улуши бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади. Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилишмоқда», - дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда иккита – «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамиятларида жорий йил 15 март ҳолатига 260 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд. Шундан, омборда 40 минг тонна тайёр шакар ва 32 минг тонна хомашё бор, июнь ойига қадар эса яна 178 минг тонна хомашё етказиб берилади.

Таъкидланишича, қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан биржа савдоларига кунлик қўйиладиган ҳажм ўртача 30 фоизга оширилмоқда. Бундан ташқари, республика аҳолисига шакар маҳсулотини етарли миқдорда ва мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилмоқда ҳамда барча ҳудудлардаги бозорларда «Элга хизмат» расталарида мақбул нархда шакар сотиш топшириқлари берилган.

Шунингдек, асоссиз оширилган нарх-наво бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилиши мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Аввалроқ, Kun.uz’да эълон қилинган мақолада шакар нархларининг ошиши бевосита Россия ва Украинадан импорт қилишнинг тўхтатилиши ҳисобига эмас, балки Ўзбекистондан олисда жойлашган Бразилиядан хомашё импорт қилишдаги логистика харажатлари ошиши сабаб юз бериши мумкинлиги ҳақида айтилганди.

Мавзуга оид