Иқтисодиёт | 14:41 / 17.03.2022
45531
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставка оширилиши юзасидан изоҳ берди

Ташқи хатарларни минималлаштириш бўйича кўрилаётган қўшимча чоралар доирасида тижорат банкларига бир қанча имтиёзлар тақдим қилинмоқда.

17 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг йиғилишида асосий ставкани йиллик 17 фоизга кўтариш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

«Ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизга оширилди», дейилади Марказий банк баёнотида.

Қайд этилишича, асосий савдо-ҳамкор давлатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларидаги кескин тебранишлар, жаҳон хомашё ва энергия бозорларида нархларнинг ўсиши макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқликлар ва хатарларни оширмоқда. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровлар натижалари девальвацион кутилмаларда сезиларли ўсиш кузатилаётганини кўрсатган. Айни пайтдаги мазкур омиллар турли каналлар орқали ички макроиқтисодий барқарорликка қисқа ва ўрта муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатади.

Бунда қисқа муддатли таъсирлар экспортдан тушумлар ва Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ҳисобига ички валюта бозорида таклифнинг қисқаришида, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг қимматлашиши орқали ички нархларнинг ўзгаришида намоён бўлса, ўрта муддатли таъсирлар ташқи ва ички талабнинг қисқариши ҳисобига иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига тегишли босим кўрсатади.

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йил бошидан бери сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланган.

«Юзага келган вазиятни инобатга олиб, Марказий банк алмашув курси кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди. Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Келгусида бозорда барқарорликни таъминлаш мақсадида тегишли инвервенциялар амалга оширилиб, миллий валюта курси кескин тебранишларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бугунги асосий ставканинг оширилиши ҳам юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган», дейилади баёнотда.

Жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларининг сезиларли даражада ўсаётганлиги, ташқи таклифнинг қисқариши ва географик жиҳатдан ўзгариши, истеъмол товарлари импортида логистика билан боғлиқ масалалар йил сўнгига қадар ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириш эҳтимолларини оширмоқда.

Ташқи хатарларни минималлаштириш бўйича кўрилаётган қўшимча чоралар

Банк тизимини зарурий ликвидлик билан таъминлаш мақсадида тижорат банкларига Марказий банк томонидан қисқа муддатли ликвидлик чекловларсиз (РЕПО ва СВОП операциялари орқали) тақдим этиб борилади. МБ томонидан муомалага чиқариладиган қисқа муддатли облигациялар ойлик ўртача қолдиғи бўйича лимитлар 20 трлн сўмгача оширилди.

Тижорат банкларига жорий йилнинг 1 июлига қадар:

  • чакана операциялар бўйича валюта курсларини белгилашда валюта биржасида колл аукцион натижасида шаклланган валюта курсидан фойдаланиш имконияти берилди;
  • тижорат банклари томонидан аукционларда харид қилинадиган Марказий банк облигациялари бўйича фоиз ставкалари даражаси асосий ставканинг юқори чегарасигача кенгайтирилди;
  • икки ҳафталик депозит аукционлари бўйича лимитлар бекор қилинди.

Мавзуга оид