Жамият | 16:13 / 18.03.2022
11021
3 дақиқада ўқилади

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ амалиётни муваффақиятли ўтаган талабаларни иш билан таъминлайди

2022 йилнинг 4 март куни Президентимиз раислигида олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан ижро этилмоқда.

Фото: Иссиқлик электр станциялари

Хусусан, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва И.А.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ўртасида кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Талабаларни шартнома асосида ҳақ тўланадиган амалиёт (стажировка)га жалб этиш, шунингдек, амалиётни мувафаққиятли якунлаган талабаларни иш билан таъминлаш мақсадида Тошкент давлат техника университети билан  ҳамкорликда талабалар учун саралаш жараёнлари ўтказилди. Саралаш жараёнлари тест синови ва суҳбат шаклида ташкил этилди.

Унда таълим муассасасининг электр энергетикаси ва иссиқлик энергетикаси факультетларида таҳсил олаётган жами 90 нафар 4-босқич талабалари иштирок этди. Якуний хулосаларга кўра, 16 нафар талаба энг юқори натижани қайд этди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг Ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Феруза Турғунованинг маълумот беришича, мазкур талабалар икки ой мобайнида “Тошкент ИЭМ” АЖ ва “Ўзбекэнерготаъмир” АЖда ҳақ тўлаш асосида амалиёт ўтайдилар. Белгиланган муддат мобайнида ўз билими, салоҳияти ва касбий маҳоратини намоён қила олган ёшлар, келгусида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарга ишга жойлаштирилади.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2022 йилда республикадаги бошқа тегишли олий таълим муассасалари билан ҳам меморандумлар имзолаш ҳамда талабалар амалиётлари бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” АЖда ўн мингдан ортиқ ишчи-ходимлар фаолият юритиб келмоқда, шундан икки мингдан ортиғини ёшлар ташкил этади. Уларнинг касбий фаолиятга оид билимларини кучайтириш мақсадида корхоналарда устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган.

Шунингдек, энергетика соҳасида замонавий технологияларни ўрганиш, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнида халқаро тажриба ва ютуқларни жорий этиш учун Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институтида мутахассисларнинг малака ошириш таълим дастури амалга оширилмоқда.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид