11:08 / 18.03.2022
4817

Машҳурлар ва шифокорларнинг дори воситалари рекламасида иштироки тақиқланмоқда

Сенат маъқуллаган рекламага доир янги қонунга кўра, рекламаларда вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш тақиқланмоқда.

Сенат ялпи мажлиси / Фото: Сенат ахборот хизмати

Кеча, 17 март куни сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълум қилинишича, амалдаги қонунда реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Янги таҳрирдаги қонунга эса ушбу қонуности ҳужжатлари нормалари ҳам киритилиб, реклама фаолиятини тартибга солувчи яхлит ҳужжат сифатида акс эттирилган.

Сенаторлар маъқуллаган қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин. Ҳужжатда реклама берувчининг, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган.

Шунингдек, ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши керак.

Хусусан, ташқи реклама ва ахборот объектларини ўрнатиш чизмаси ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтларида эълон қилиниши лозим.

Элмурод Ҳайитметов - Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори / Фото: Сенат ахборот хизмати.

Бундан ташқари, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.

Жумладан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, вояга етмаганларни рекламадан, хусусан унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилувчи ва рекламада вояга етмаганлар иштирокини чекловчи янги нормалар билан тўлдирилган.

Жумладан, вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни телеканалларда, вояга етмаганлар учун мўлжалланган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.

Шунингдек, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

«Қонун бугунги кунда жуда долзарб. Ҳақиқатдан ҳам рекламани тартибга солувчи амалдаги нормаларни замон талабларига мослаш зарур. Ва бунда биринчи навбатда истеъмолчининг манфаатлари устун бўлиши шарт», - деди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Қонун президент томонидан имзолангач, ҳужжатнинг ўзида кўрсатилган муддатда кучга киради. 

Top