Жаҳон | 19:52 / 18.03.2022
21163
2 дақиқада ўқилади

Россия Ҳиндистонга нефт етказиб беришни кўпайтирди

Россия март ойида Ҳиндистонга кунига 360 минг баррел нефт етказиб берган, бу 2021 йилдаги ўртача кўрсаткичдан тўрт бараварга кўп.

Фото: Valerii Kadniko /Alamy

Март ойида Россиянинг Ҳиндистонга нефт экспорти ҳажми ўтган йилдагига нисбатан тўрт бараварга ошди, деб ёзади Financial Times.

Энергия истеъмоли бўйича дунёда учинчи ўринда турувчи Ҳиндистон бир неча партия Россия нефтини сотиб олган. Россия март ойида бу мамлакатга кунига 360 минг баррел нефт етказиб берган, бу 2021 йилдаги ўртача кўрсаткичдан тўрт бараварга кўп.

«Ҳиндистон компаниялари етказиб бериш нархи юқорилиги сабабли Россиядан кўп нефт сотиб олмасди. Афтидан, энди ҳаммаси ўзгармоқда», —деди Ambit Capital таҳлилчиси Вивекананд Суббараман.

Frontline ижрочи директори Ларс Барстаднинг изоҳлашича, Россиянинг Urals нефтига чегирма бир баррели учун 25-30 долларни ташкил этади, фрахт қийматига эса бир баррел учун уч-тўрт доллар қўшилади, бу эса савдони рентабеллаштиради.

Ҳиндистоннинг Нindustan Petroleum Corporation, Indian Oil Corporation ва Nayara Energy нефтни қайта ишлаш компаниялари ушбу ҳафтада етти миллион баррел Россия нефтини сотиб олган. Савдони осонлаштириш мақсадида эса Россия ва Ҳиндистон ҳисоб-китобларни рубл ва рупияда оиб бориш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид