21:52 / 18.03.2022
2541

Хоразмлик судланган депутатнинг фаолияти тўхтатилди

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати Санжар Қадамбоевич Рўзметовга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга киргани сабабли депутатлик фаолияти муддатидан олдин тўхтатилди.

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши қарорига кўра, 8-Феруз сайлов округидан сайланган депутат Санжар Қадамбоевич Рўзметовнинг депутатлик фаолияти муддатидан олдин тўхтатилди.

Бунга Хоразм вилояти судининг 2022 йил 4 мартдаги ҳукмига кўра, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисмига асосан айблов ҳукми қонуний кучга киргани сабаб бўлган.

Энди бўшаб қолган 8-Феруз сайлов округида янги депутат сайлови ўтказилади.

Аввалроқ, Ҳазорасп туманидаги 21-сонли умумтаълим ўрта мактаби собиқ директори, Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг депутати пора олганликда суд томонидан айбдор деб топилиб, депутатлик фаолияти муддатидан олдин тугатилган эди.

Top