Ўзбекистон | 14:42 / 22.03.2022
8282
2 дақиқада ўқилади

Нукусда ҳамширалар уйларни оқлашга жалб қилингани юзасидан иккита раҳбарга жазо тайинланди

Фото: KUN.UZ

Бир неча кун олдин Kun.uz сайтида Нукусда ҳамширалар уйларни оқлаш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Унда Нукус шаҳридаги 6-сонли оилавий поликлиниканинг 10 нафар ҳамшираси совуқ ва намгарчиликда аҳоли уйларини оқлашга мажбурлангани айтилганди.

Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва Ўзбекистон меҳнат вазирлиги томонидан махсус текширув ишлари бошланганди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Нукус шаҳар 6-сонли оилавий поликлиниканинг бош шифокори З.Қурбонова ҳамда бош шифокор ўринбосари М.Есбергенова ходимларни ишдан ташқари меҳнатга жалб қилгани аниқланган. Шунинг учун ҳар иккала раҳбарга тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшимча қилишича, юқоридаги ҳолатда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари аниқланмаган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмида Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш назарда тутилган.

Мавзуга оид