Жаҳон | 19:56 / 23.03.2022
20180
3 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ: «Украина билан икки марта асирлар алмашилди»

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Украина билан икки марта асирлар алмашилган.

Фото: EPA-EFE

«Россия Мудофаа вазирлиги ҳар куни тинч аҳоли вакиллари учун гуманитар йўлаклар ташкил этиб, эвакуация ишларини амалга оширмоқда», дейилади Россия ТИВ сайтида эълон қилинган Захарованинг баёнотида. Захарова алмашилган асирлар сони ҳақида маълумот бермаган.

Кейинроқ ВВС Мария Захарованинг сўзларини аниқлаштириш мақсадида Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук билан боғланган. Унинг айтишича, Захарованинг гаплари ҳақиқатга тўғри келмайди: «Ҳеч қандай алмашув амалга оширилгани йўқ», деган Украина ҳукумати вакили.

Олдинроқ Украина томони асир тушган Мелитопол мэри Иван Фёдоровни 2002 ва 2003 йилларда туғилган 9 нафар россиялик муддатли ҳарбий хизматчи асирларга алмашгани ҳақида хабар берганди. ВВС сўровига жавобан Украина президенти офиси матбуот котиби Дарья Заривная бу маълумотни тасдиқлаган. Мэр ва муддатли ҳарбий хизматчилар алмашилганини Россия омбудсман вакили Татьяна Москалькова ҳам тасдиқлаганди.

16 март куни Зеленский асирликдан озод қилинган Мелитопол мэри Иван Фёдоров билан телефонда гаплашгани акс этган видео эълон қилинганди.

19 март куни Ирина Верешчук мамлакатда 562 нафар россиялик асирда сақланаётганини хабар қилганди. Унинг айтишича, Украина томони 270 нафар ҳарбийси россияликлар қўлига асир тушганини тахмин қилмоқда. Ўз навбатида, Россия омбудсмани Татьяна Москальева 21 март куни мамлакат Қизил хоч халқаро жамиятига 500 нафардан ортиқ украиналик асир тушгани ҳақида хабар берганди. Россия томони муддатли ҳарбий хизматилар асир тушганини тан олган бўлса-да, уларнинг сонини маълум қилмаган.

Уруш қоидаларига кўра, икки томон асир ёки асирларнинг нариги томон учун аҳамиятига қараб ўзининг қанча асир тушган одамига алмашишини белгилайди. Асирларни алмашиш уруш вақтида ўт очиш режими тўхтатилган ҳолда амалга оширилади. Уруш тугагач ёки тинч вақтда ҳам асирлар алмашилиши мумкин. 2016 йил 25 май куни Украина россиялик разведкачилар Евгений Ерофеев ва Александр Александровни Россияга бериб, ҳарбий учувчи Надежда Савченкони Украинага қайтарганди.

Мавзуга оид