Асл исм-шарифи Мария Яна Корбелова бўлган Мадлен Олбрайт 1937 йилда Чехословакияда дипломат оиласида дунёга келади. Иккинчи жаҳон уруши пайтида унинг оиласи Лондонда қочқинликда жон сақлайди ва фашистлар енгилгач Чехословакияга қайтади.

1948 йилда, Мадлен 11 ёшда бўлганида Чехословакияда ҳокимият коммунистлар қўлига ўтади. Шундан сўнг Чехословакиянинг Югославиядаги элчиси вазифасида ишлаб турган отаси коммунистлар қўл остида ишлашни хоҳламайди ва истеъфо беради. 1949 йилда унинг оиласи АҚШдан сиёсий бошпана сўрайди, сўров қондирилгач улар океан ортига кўчиб кетади. 1957 йилда Мадлен Америка фуқаролигини олади.

Фото: ladiesdc.org

Мадлен Олбрайт сиёсий фаолиятини Демократик партия фаоли сифатида бошлайди. 1978 йилда у Оқ уйда, президент Жимми Картер маъмуриятида ишлайди ва АҚШ миллий хавфсизлик кенгашига аъзо бўлади. Кейинроқ бир неча президентликка ва вице-президентликка номзодларнинг халқаро сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб боради.

1993 йилда Билл Клинтоннинг инаугурациясидан кейин Олбрайт АҚШнинг БМТдаги доимий вакили сифатида иш бошлайди.

Фото: stock.adobe.com

Кейинроқ у БМТ бош котиби, Руандадаги машъум геноцид бўйича қароридан қайтган Бутрос Бутрос-Галини кескин танқид қилиши билан тилга тушади.

Мадлен Олбрайт масъул лавозимда

1997 йилда Оқ уйдаги рақибларининг кескин қаршилик кўрсатишига қарамай Олбрайт хоним АҚШ Давлат котиби лавозимига тайинланади. АҚШда бу лавозим ташқи ишлар вазири даражасида бўлиб, давлат котиби мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги устувор масалалари билан шуғулланади.

Фото: economist.com

Олбрайт давлат котиби бўлган йилларда у АҚШ ташқи сиёсатида анча қаттиққўллик билан ишлаган. Хусусан, 1990-йиллар охирида Болқон яриморолида юзага келган инқирозни ҳал қилиш учун собиқ Югославияга қарши куч ишлатиш зарур деб ҳисоблаган. Амалда шундай ҳам бўлган. Болқондаги бир қатор миллатларга қарши геноцидни амалга ошираётган Сербия диктатори Слободан Милошевични тийиб қўйиш учун унинг пойтахти Белград ва бошқа ҳудудларига НАТО авиазарбалар берган.