Ўзбекистон | 07:20 / 25.03.2022
6731
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни амалга оширишдаги энг мураккаб вазифа ҳақида гапирди 

24 март куни пойтахтда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди, у Ўзбекистон президенти иштирокидаги мажлис билан очилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз нутқи давомида ислоҳотлар йўлидаги энг мураккаб вазифа ҳақида гапирди.

"Охирги йилларда дунёда юз бераётган пандемия синовлари, иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд қийинчиликлар ва бошқа муаммолар бизни ностандарт чоралар кўришга, янгича вазиятда ишлаш ва натижага эришишга ўргатмоқда.

Дунёдаги бугунги мураккаб вазиятда ҳам Ўзбекистон яшаш ва ишлаш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида танилганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Биз инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш бўйича ҳаракатларимизни янада жадаллаштирамиз.

Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидаги энг мураккаб вазифа – бу фақат қонунчиликни ўзгартириш ёки турли стратегияларни ишлаб чиқишдан иборат эмас. Булар албатта муҳим, лекин энг асосийси – одамларнинг дунёқараши ва фикрлашини ўзгартириш эканлигини, ўйлайманки, дунёдаги барча ислоҳотчилар тан олса керак", деди президент.

Давлат раҳбари ҳозирги замон бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтаётган, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этаётган бир давр эканлигини таъкидлади.

"Бизнес ва тадбиркорлик, халқаро иқтисодий алоқалар учун беқиёс имкониятлар очилаётган мана шундай шароитда сизларни қадимий цивилизация ва маданият маскани бўлган, бугунги кунда янгиланиш ва ислоҳотлар йўлидан дадил бораётган Янги Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга таклиф қиламан.

Сизларнинг мамлакатимиздаги муваффақиятингизни таъминлаш Ўзбекистон президенти ва ҳукумати томонидан кафолатланади", деди Шавкат Мирзиёев.

Президент анжуманнинг барча иштирокчиларига форум натижалари бўйича муҳим ва самарали келишувларга эришишни, келгуси ишларида эса янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилади.

Мавзуга оид