Жамият | 17:04 / 26.03.2022
23604
11 дақиқада ўқилади

Ишламайдиган қонунлар билан адолатли жамият қуриб бўлмайди ёхуд адвокатларга осон эмаслиги ҳақида узун ҳикоя

Қонунлар бор, уларга барча сўзсиз итоат этиши шарт. Аммо Тошкент шаҳар прокуратураси ва ИИББ терговининг ушбу мақолада ёдга олинадиган ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги амалда бундай бўлмаётганини кўрсатмоқда.

Фото: Getty Images

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган адвокат Леонид Целишев ўз фаолиятида гувоҳ бўлган, Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақида сўзлаб берди.

«NAVOI CORPORATION» МЧЖ манфаатларини химоя қилаётган адвокат Леонид Целишев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига, фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларига дуч келган.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси иш юритувида «NAVOI CORPORATION» МЧЖнинг таъсисчисига нисбатан ЖКнинг 228-моддаси билан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан қўзғатилган 32/19-1227-сонли жиноят иши мавжуд.

Жиноят иши 2019 йил 12 апрелда кўзғатилган бўлиб, орадан деярли 3 йил ўтган бўлса-да, ҳалигача ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган. Ҳужжат сохталаштириш ҳолатининг ўзи 2006 йилда содир этилгани (16 йил ўтган) учун терговчилар томонидан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги асоси билан жиноят иши бир неча бор тугатилган. Шунингдек, прокуратура органлари томонидан жиноят иши бир неча бор қайта тикланган. Хусусан:

2019 йил 12 июнда жиноят иши иш юритишдан тугатилган;

2019 йил 17 декабрда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор Чилонзор тумани прокуратураси томонидан бекор қилинган;

2020 йил 17 январда жиноят иши иш юритишдан тугатилган;

2020 йил 24 июлда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор Чилонзор тумани прокуратураси томонидан бекор қилинган;

2020 йил 5 августда жиноят иши иш юритишдан тугатилган;

2020 йил 10 ноябрда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳри прокуратураси томонидан бекор қилинган;

2020 йил 16 декабрда жиноят иши иш юритишдан тугатилган;

2021 йил 14 январда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳри прокуратураси томонидан бекор қилинган;

2021 йил 12 апрелда жиноят иши иш юритишдан тугатилган;

2021 йил 13 апрелда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор Яккасарой тумани прокуратураси томонидан бекор қилинган;

2021 йил 7 сентябрда жиноят иши иш юритишдан тугатилган;

2021 йил 30 сентябрда жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳри прокуратураси томонидан бекор қилинган;

2022 йил 19 январда жиноят иши бўйича иш юритиш тўхтатилган.

“Ушбу ҳолатда прокуратура органлари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, терговчининг жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш тўғрисидаги асоссиз қарорлар чиқараётганига, тергов органларига дастлабки тергов ўтказиш тўғрисида қонунга хилоф кўрсатмалар юбориш орқали ички ишлар органларига босим ўтказаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ҳозирда жиноят иши бўйича иш юритиш тўхтатилган. Шуниси эътиборга моликки, қонунда жиноят ишини тугатиш ва қайта бошлаш чегараси белгиланмаган, шунинг учун жиноят иши қўзғатилганидан кейин у абадий тергов қилиниши мумкин, бундан фақат фуқаролар ва юридик шахслар жабр кўради”, – дейди адвокат.

Унинг билдиришича, терговда қонунларнинг қўпол бузилиши ортидан компания зарар кўрмоқда.

Таҳририятга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 2021 йил 28 январ куни терговчи томонидан ЖПК 290-моддаси асос қилиниб, компанияга тегишли мол-мулк хатланган.

ЖПК 290-моддасига кўра, мол-мулк ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш, ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулкни ўзлаштиришнинг, харж қилиб юборишнинг, яширишнинг, йўқ қилиб ташлашнинг ёки шикастлантиришнинг олдини олиш учун хатланади. Аммо адвокатнинг маълум қилишича, мазкур жиноят иши доирасида ҳеч ким фуқаровий даъво бермаган, ҳеч кимга зарар етказилмаган, қарорда кўрсатилган мулк гумон қилинувчи ёки айбланувчига эмас, юридик шахс – “NAVOI CORPORATION” МЧЖга тегишли, шунингдек қарорда кўрсатилган мулк жиноят иши доирасида ашёвий далил деб ҳам топилмаган, бу эса юридик шахс мол-мулкини хатлаш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлигини билдиради.

ЖПК 290-модданинг тўртинчи қисмида мол-мулки хатланган шахсга бу ҳақда эълон қилиниши айтилган. Бироқ адвокатнинг сўзларига кўра, компания бу ҳақда хабардор қилинмаган ҳамда хатлаш жараёнида ЖПК 291, 292, 294-моддалари талаблари бузилган.

Бундан ташқари, ЖПК 295-моддасига кўра, жиноят иши тугатилганда, мол-мулкнинг хатланганлиги бекор қилиниши лозим. Бироқ “NAVOI CORPORATION” МЧЖ мол-мулклари хатлангандан буён жиноят иши 2 марта тугатилган бўлса-да, хатлов ҳалигача олиб ташланмаган.

“Мол-мулки ноқонуний хатлангани натижасида компания бир йилдан бери ўзига тегишли мол-мулкларни тасарруф этолмаяпти. Бу эса компанияга зарар келтирмоқда”, – дейди адвокат жиноят иши тафсилотларини баён қиларкан.

Шунингдек, тергов жараёнида компания таъсис ҳужжатларининг қайта рўйхатдан ўтказилишига тақиқ қўйилгани аниқланган бўлиб, бу ҳолат ҳам ЖПК 290-моддасига зид экани таъкидланмоқда.

Жумладан, компания таъсисчиси жамият устав капиталини камайтириш ҳақида қарор қабул қилиб, уни 2021 йил 15 октябрда Чилонзор тумани давлат хизматлари марказига юборганида 20 октябрда марказ томонидан рад жавоби берилган. Марказ бунга асос сифатида терговчининг компания таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйишни сўраб 2021 йил 18 октябрда юборган хатини келтирган.

Жиноят процессуал кодекси терговчига таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказишга тақиқ қўйишга ваколат бермаган. Кодекснинг 290-моддасига асосан терговчи оддий хат эмас, қарор билан фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши мумкин. Терговчининг ноқонуний қарори сабабли ҳозирда компания устав капиталини камайтира олмаяпти, юридик манзилини ўзгартира олмаяпти, устав жамғармага улуш қўшадиган инвесторларни жалб эта олмаяпти”, – дейди Леонид Целишев.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри ИИББ тергов бошқармаси терговчисининг 2021 йил 30 июндаги қарори билан компанияга нисбатан молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тайинланган, бироқ тафтиш ўтказиш муддатини узайтиришда ҳам қонунбузилишига йўл қўйилган.

Хусусан, 2021 йил 6 июл куни тадбиркорлик субъекти тафтиш тайинлаш ҳақидаги қарор билан таништирилган ва шу куни тафтиш бошланган. ЖПК 187-7-моддасига кўра, тафтиш ўтказиш муддати бир ойни ташкил этади. Шунга кўра, тафтиш 2021 йил 5 августгача тугатилиши лозим бўлган. Аммо 5 август куни тафтиш якунлангани ҳақида маълумот берилмаган ва тафтиш ўтказиш давом эттирилган.

Адвокат Тошкент шаҳри солиқ бошқармасига мурожаат қилиши натижасида тафтиш ўтказиш муддати терговчининг 2021 йил 16 августдаги хатига асосан узайтирилганини билиб қолган.

ЖПК 187-7-моддасининг 2-қисмида зарур бўлган тақдирда, тафтиш муддати молия-хўжалик фаолиятининг тафтишини ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарининг розилигига кўра ёхуд суднинг ажрими билан яна 30 календар кунга узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Адвокат тафтиш қилиш муддатини узайтиришда Бош прокурор ёки унинг ўринбосаридан розилик олинган-олинмагани хақида маълумот олиш мақсадида Бош прокуратурага бир неча бор сўров жўнатиб мурожаат қилган. Аммо унга тайинли жавоб берилмаган.

Хусусан:

2021 йил 25 август куни маълумот олиш учун Бош прокуратурага адвокат сўрови юборилган;

2021 йил 27 август куни адвокат сўрови Бош прокуратура раҳбариятининг розилиги мавжудлиги сўралганига қарамай, ижро учун Тошкент шаҳар прокуратурасига йўналтирилган.

2021 йил 2 ноябрда маълумот олиш учун Бош прокуратурага такрорий адвокат сўрови жўнатилган;

2021 йил 18 ноябрда Тошкент шаҳри прокурорининг ўринбосари Икром Наримов томонидан сўровга қуйидаги мазмунда жавоб берилган:

Тергов жараёнидан норозилигингиз тўғрисидаги аризангиз кўриб чиқилди. Жиноят иш тугатилди, жиноят иши қайта тикланди, иш доирасида белгиланган молия-хўжалик фаолиятининг тафтиши ўтказилди”.

Сўралган маълумотлар тақдим этилмагач, Леонид Целишев прокурор ўринбосарини адвокат фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳолати бўйича суд орқали маъмурий жавобгарликка торттиришни мақсад қилган. Аммо бу жараёнда ҳам тўсқинликларга дуч келган.

МЖтКнинг 197-1-моддасига кўра, адвокат сўровига кўра назарда тутилган ахборотни (ҳужжатларни) тақдим этмаслик адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик деб ҳисобланади ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сонли президент фармонига кўра, адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Шу нормага асосан адвокат 2021 йил 25 ноябр куни Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримовни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Аммо 2021 йил 6 декабр куни ЖИБ Чилонзор тумани суди хатга жавобан аризада хуқуқбузар хақида маълумотлар йўқлигини сабаб қилиб келтириб, аризани кўриб чиқишни рад этган. Жумладан, суд аризада прокурор ўринбосарининг фамилияси, исми, шарифи, туғилган куни, ойи ва йили, миллати, фуқаролиги, паспорт серияси ва рақами, маълумоти, соғлиғи, илгари маъмурий жавобгарликка тортилган-тортилмагани, иш жойи, оилавий аҳволи, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни келтиришни талаб қилган.

Адвокат суднинг жавоб хатига асосан 2021 йил 10 декабр куни Тошкент шаҳри прокуратурасига прокурор ўринбосари ҳақидаги юқоридаги маълумотларни тақдим қилишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Лекин ушбу хатга берган жавобида ҳам шаҳар прокуратураси умумий гаплар билан чекланиб, сўралган маълумотларни тақдим этмаган.

 “Шундай қилиб, МЖтК, “Адвокатура тўғрисида”ги қонун, ЖПК ва президент фармонининг ҳеч бири ишламаяпти. Ҳеч қандай ҳимоя йўқ. Оддий фуқаролар ўз мулки ва ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилинишига эришолмай, прокуратура олдида ожиз қолмоқда”, – дейди адвокат Леонид Целишев.

PS: Адвокатлар томонидан таҳририятга юбориладиган кўплаб мурожаатларда Леонид Целишевники билан “қофиядош” ҳолатлар етарлича учраб туради. Ҳудудларда айрим прокуратура ходимларининг ноқонуний кўрсатмалари ўрнига қонунлар ишлаганида ва адвокатларнинг сўровларига ҳурмат билан муносабатда бўлинганида, балки бундай мурожаатлар умуман бўлмаган бўларди.

Темур Турсунбоев,
Kun.uz мухбири

Аббос Салайдинов
Муаллиф Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид