Ўзбекистон | 22:02 / 26.03.2022
13175
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда маҳаллий қатновларга ихтисослашган Silk Avia авиакомпанияси иш бошлайди

Ўзбекистонда маҳаллий парвозлар учун алоҳида авиакомпания – Silk Avia ташкил этилмоқда. Uzbekistan Airports раиси Раъно Жўраеванинг маълум қилишича, янги компания очилиши билан 40га яқин ички рейслар йўлга қўйилади. Кузгача 70 ўринли учта самолёт олиб келиниб, парвозларни бошлаш режа қилинмоқда.

Фото: Uzbekistan Airports

“Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Раъно Жўраева Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида ички парвозларни амалга ошириш учун ташкил этилаётган “Silk Avia” авиакомпаниясига оид айрим тафсилотларни маълум қилди.

Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш мавзусидаги мулоқот давомида Раъно Жўраева ички туризмни ривожлантиришга тўхталар экан, ўтган йилдан бошлаб “Silk Avia” минтақавий авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари бошланганини таъкидлади.

Унинг айтишича, янги авиакомпания Ўзбекистон ичида авиақатновларга бўлган талабни қондиради. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйлаб 40га яқин йўналиш – нафақат пойтахтдан вилоятларга, балки вилоятлар ўртасида ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

“Бу ерда минтақавий авиаташувлар йўқ ва уларни ривожлантириш керак. Биз ҳозирда 40га яқин йўналишни очмоқчимиз. Бу ички туризм ривожига ҳам катта ҳисса қўшади. Эътибор берсам, Самарқанд, Бухоро, Хива каби сайёҳлик йўналишларига ҳам инсонлар ё чипта йўқлиги, ёки қимматлиги сабаб поезд, автобус ёхуд таксида боришга мажбур.

Мен ички йўналишлар бўйича статистик маълумотларни кўриб чиқдим – 2021 йилда биз миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатдик. Албатта, талаб катта. Аҳоли мамлакат бўйлаб ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунинг учун биз ишларни жадал суръатларда олиб бормоқдамиз. Умид қиламизки, кузгача самолётларни етказиб берамиз ва илк парвозларни амалга оширишни бошлаймиз”, дея Раъно Жўраеванинг сўзларини келтирмоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Компания раҳбари, шунингдек, биринчи босқичда 70 ўринли учта самолёт келиши кутилаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бундай сиғимга эга самолётлар маҳаллий авиаташувлар учун мақбулдир.

Раъно Жўраева, шунингдек, маҳаллий авиакомпания базаси янги “Самарқанд” аэропортида жойлашишини маълум қилди.

Мазкур аэропортни қайта қуриш ишлари 2019 йилда бошланиб, куни кеча фойдаланишга топширилган эди. Жўраева Самарқанд аэропорти замонавий ва маълум даражада экспериментал лойиҳа эканини қайд этди.

“Бу 2019 йилдан буён амалга оширила бошланган улкан лойиҳа бўлиб, унинг юқори нуқтаси 2021 йилга тўғри келди. Энг қийини, аэропорт фаолиятини тўхтатмай туриб, аэродром ва аэровокзал қуриш эди. Аэродром мажмуаси очилишидан тахминан бир ой олдин парвозлар тўхтатилди.

Ҳар биримизнинг ўз инвестиция дастуримиз – давлат ҳамкорлигида аэродром, хусусий шерикчиликда бўлганларда эса терминал қуриш вазифаси бор эди. Умуман олганда, лойиҳа қиймати,тахминан 150 миллион долларга тўғри келди. Биз уни том маънода 18 март куни очдик.

Ҳозир биз божхона ва чегара назорати, йўловчилар ва юкларни рўйхатга олиш учун янги ечимлар орқали ўтказиш имкониятини оширишга қодир бўлган, хизмат кўрсатиш технологияси жорий этилган аэровокзал мажмуасини фойдаланишга топширишни якунламоқдамиз. 1 апрелдан янги терминал тўлиқлигича ишлаб, халқаро қатновларга хизмат кўрсатади”, – дея хулоса қилди Uzbekistan Airports раиси.

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни Самарқанд аэропортининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Янги терминал қуриш лойиҳаси “Air Marakanda” МЧЖ ХК ва “Uzbekistan Airports” АЖ давлат ҳамкори ўртасида, Ўзбекистон авиация тарихида биринчи давлат-хусусий шериклик шартномаси доирасида амалга оширилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид