Жаҳон | 22:39 / 26.03.2022
23859
2 дақиқада ўқилади

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат жорий этилди

Ҳарбий ҳолат даврида йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи чекланади, иш ташлашлар ва ташкилотлар фаолияти тўхташига олиб келувчи бошқа тадбирлар тақиқланади.

Фото: AP

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат эълон қилинди, деб хабар берди РИА.

"Арцах (Қорабоғнинг номланиши – таҳр.) республикаси президенти Араик Арутюнян республика ҳудудида эълон қилинган ҳарбий ҳолат шароитида ҳуқуқ ва эркинликларнинг вақтинчалик чекланиши тўғрисидаги фармонни имзолади", - дейилади Тоғли Қорабоғ республикаси ахборот маркази хабарида.

Фармонга мувофиқ, йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи чекланади, иш ташлашлар ва ташкилотлар фаолияти тўхташига олиб келувчи бошқа тадбирлар тақиқланади.

Бундан ташқари, "Арцах республикаси мудофаа салоҳияти ва хавфсизлигига қарши қаратилган тарғибот билан шуғулланаётган ташкилотлар фаолияти тўхтатилади".

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлигининг хабар қилишича, “24 март куни Озарбойжон қуролли кучлари бўлинмалари Россия тинчликпарвар кучлари жавобгар бўлган ҳудудга бостириб кирган”.  

Ўз навбатида, Озарбойжон мудофаа вазирлиги Озарбойжон Қорабоғдаги туташув чизиғини бузгани тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид