“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг молиявий ковенантлар мониторинги бўйича тажрибаси тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан “Молиявий ҳисобот тизимини такомиллаштириш ва кадрларни касбий тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш” мавзусида халқаро онлайн анжуман ўтказилди.
Маълумки, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) Ўзбекистон Республикаси корхона ва ташкилотлари томонидан жорий этилишининг муҳим асосларидан бири бўлиб, хорижий инвесторлар учун зарур бўлган молиявий ахборот муҳитини таъминлаш, халқаро молиявий бозорларга кириш имкониятининг кенгайиши ва дунёдаги етакчи молиявий муассасалардан кредит маблағларини жалб этишда молиявий дастак ҳисобланади.
Анжуманни Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов кириш сўзи билан очиб берди. Ўз нутқида МҲХСни жорий этишнинг долзарблиги, ушбу соҳада профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда корхона ва ташкилотлар олдида турган вазифалар тўғрисида фикр алмашишни таклиф этди.
Дастлаб Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари Кенгашининг аъзолари Т.Сендон ва М.Сансонларнинг МҲХСда амалга оширилаётган ва келгусида киритилаётган ўзгартиришлар ҳақидаги, Осиё тараққиёт банкининг халқаро эксперти Я.Ричининг бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини МҲХСга мувофиқ уйғунлаштириш борасидаги, “АССА” расмий вакили В.Стародубцеванинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган сертификатга эга бўлиш учун кадрларни тайёрлаш салоҳиятини кучайтириш тўғрисидаги маърузалари тингланди.
“KPMG” халқаро аудиторлик компанияси мутахассиси Алмира Баркенованинг “Ўзбекистонда МҲХСни қўллашда асосий воситалар ҳисобининг амалий масалалари” мавзусидаги тренинги конференция иштирокчилари учун катта қизиқиш уйғотди.
“Молиявий ковенантлар ва уларнинг молиявий ҳисоботни тузишдаги таъсири: “Ўзбекнефтгаз” АЖ тажрибаси” мавзусидаги тақдимотда акциядорлик жамиятида МҲХСни жорий этиш бўйича батафсил маълумотлар берилди. Тақдимот “Ўзбекнефтгаз” АЖ МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Хамза Тухсанов томонидан олиб борилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий йирик компаниялар ичида биринчилардан бўлиб 2016 – 2020 йиллар учун МҲХС асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботини тузди. Ҳисоботга “Ernst & Young” халқаро аудиторлик ташкилоти томонидан ижобий хулоса берилди. Шунингдек, “Fitch Ratings”, “S&P” ва “Moodys” халқаро рейтинг агентликларидан мустақил кредит рейтинги олинди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг 11 ноябрида Лондон халқаро фонд биржасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз еврооблигацияларини жойлаштиришга эришди. Айни пайтда 2023–2024 йилларда дастлабки акциялар жойлаштируви (IPO) бўйича чоралар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан нуфузли халқаро молиявий муассасалардан жалб этилган кредит маблағлари бўйича тузилган шартнома ковенантларининг моҳияти, уларга риоя этилмаган ҳолларда туғиладиган рисклар, жумладан, молиявий ҳисоботнинг кўрсаткичларига салбий таъсири ва бунинг натижасида кредиторлар томонидан қабул қилинадиган қатъий қарорлар, аудиторлар изоҳлари ёки салбий хулоса бериш хавфи борасидаги маълумотлар ҳам қамраб олинди.
Молиявий ковенантларнинг бузилиши ёки уларнинг риоя этилмай қолиши олдини олиш мақсадида МҲХС асосида молиявий ҳисобот тузадиган компаниялар учун “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг молиявий ковенантлар билан иш тажрибаси асосида тавсиялари берилди.
Иштирокчилар томонидан тақдим этилган долзарб маърузалар ва таклифлар асосида меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш лозимлиги қайд этилди. Анжуман сўнгида маълумотнома эълонини тайёрлаш ва оммага тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024