Ўзбекистон | 23:26 / 28.03.2022
10354
2 дақиқада ўқилади

Сергелида 2,5 гектар ерни 1 миллион 900 минг долларга сотмоқчи бўлган “шоввоз” қўлга олинди

У харидорни хусусий фирмага ижарага берилган ер майдонини “қўли узун” танишлари орқали унинг номига ўтказиб беришига ишонтиради.

Фото: Shutterstock

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудидан ер қидириб юрган шахсга туман ҳудудида фаолият юритувчи МЧЖга ижарага берилган 2,5 гектар ер майдонини сотиб олишни таклиф қилади. У ушбу ерни мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришга ишонтиради ва хизмати учун 1,9 млн доллар беришни сўрайди.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс талаб қилинган пулнинг 12 минг долларини “аванс” сифатида олган вақтида ушланган.

Бу каби ҳолат Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ҳам кузатилган. Мева ва сабзавотларни қадоқлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари 21 сотих ер майдонини сотишни режалаштиради.

У мазкур ер майдонини тегишли ташкилотлардаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 24 минг доллар  олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида 4 гектар ерни 800 минг долларга пулламоқчи бўлганлар, Оҳангаронда МЧЖга инвестиция киритиш шарти асосида кўп қаватли турар жойлар, коттежлар ҳамда маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун ажратилган 4 гектар ерни 20 минг долларга ҳокимлик ходими, Қибрайда фермер хўжалигининг 1,9 гектар ери учун 605 минг доллар талаб қилган шахслар қўлга олинганди.

Мавзуга оид