Ўзбекистон ва Туркия икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қарор қилди
Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклигини кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисини қутлар экан, ўзаро ҳамкорликда юксак даражага эришилганидан, мамлакатларимиз парламентлари, давлат идоралари, ишбилармон доиралари ва жамоатчилиги ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканлигини билдирди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатларимизнинг қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклиги барча соҳаларда ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривож топаётганини алоҳида қайд этди.
Етакчилар жорий йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилганининг 5 йиллиги нишонланаётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Икки мамлакат етакчиларининг расмий ташрифлари ва мунтазам мулоқотлари сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, сермаҳсул амалий шериклик учун кенг имкониятлар очди.
Савдо ва инвестиция соҳаларида алоқалар жадал ривожланмоқда. Жумладан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ортди. Инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсди.
Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар шерикликни, шу жумладан савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталдилар.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларидаги шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олинди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим ҳужжатлар имзоланиши таъкидланди. Преференциал савдо тўғрисида, қурилиш, соғлиқни сақлаш, адлия, божхона ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувлар шулар жумласидан. Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши қарорларини амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш режалаштирилган.
Ҳамкорлик кўлами кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар икки томонлама муносабатларни янги даражага – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига олиб чиқишга қарор қилдилар.
Музокаралар якунида Ражаб Тоййиб Эрдўған Шавкат Мирзиёевга икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Туркияга ташриф билан келишни таклиф этди.
Мавзуга оид
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
21:46 / 30.10.2024
Эрдўған курдларни «Туркия асрини» биргаликда қуришга чақирди
00:08 / 30.10.2024
Туркия ташқи таҳдидларнинг олдини олиш учун янги ҳарбий платформалар яратади
11:30 / 26.10.2024