Жаҳон | 21:59 / 30.03.2022
38491
11 дақиқада ўқилади

«Бурилиш палласи» ёки «нафас ростлаш» — экспертлар Истанбул музокаралари ҳақида

Сешанба куни Истанбулда ўтказилган Украина ва Россия музокаралари кутилмаганда оптимистик нотада якунланди. Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский россияликлар президентига Украинанинг таклифларини етказишини айтди ва ҳатто икки мамлакат раҳбарлари учрашувини тезлаштиришни таклиф қилди, Россия мудофаа вазирлиги эса Украина шимолидаги ҳарбий амалиёт қисқартирилишини маълум қилди. Экспертлар музокараларнинг истиқболларига турлича назар билан қарашмоқда, аммо уларнинг барчаси Россиянинг мақсадлари камтарлашиб бораётганини таъкидлашмоқда.

Фото: Anadolu Agency

Украина таклифларида қатор давлатлардан хавфсизлик кафолатлари эвазига мамлакатнинг блоклардан холи мақомини белгилаб қўйиш ҳақида ҳам гап кетади. Шунингдек, Киев Москвага 15 йил давомида Қрим ва Севастопол мақоми бўйича икки томонлама музокараларни ўтказишни, масалани ҳал эртишда қуролли кучлардан фойдаланмасликни таклиф қилмоқда. Донбасс масаласини икки мамлакат президентлари алоҳида пунктлар бўйича муҳокама қилиши мумкин.

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Россия Украинадан «позиция аниқ шакллантирилган» таклиф олганини маълум қилди. Бу пунктлар яқин вақтлар ичида кўриб чиқилиб, президентга ҳисоб берилади ва Киевга жавоб қайтарилади.

Музокаралар якунланиши билан бир вақтда Россия мудофаа вазирлиги Киев ва Чернигов йўналишларидаги ҳарбий ҳаракатлар кескин пасайтирилганини маълум қилди.

Музокараларда Украинанинг «денацификация» ва «демилитаризация» қилиниши ҳақида гап кетмагани, Россия делегацияси бунгача «қабул қилиб бўлмас» деб ҳисобланган таклифларни муҳокама этишга тайёрлигини намойиш этиши, шунингдек ҳарбий ҳаракатларни қисман қисқартириш тўғрисидаги ваъда, буларнинг бари Россиянинг мақсадлари камида аввалгидек амбицияларга эга эмаслигини кўрсатади.

Россиянинг бундай келишувни маъқуллаши эҳтимолини ҳозирдан 1996 йилда Биринчи чечен урушига чек қўйган Хасавюрт шартномаси билан солиштиришмоқда. Бу шартнома рус армияси олиб кетилиши ва Чечен республикасининг «кечиктирилган мақоми»ни назарда тутарди.

BBC рус хизмати экспертларнинг музокаралар натижаси Россия позицияларини қанчалар бой берганини англатиши ёки Россия ҳукумати сўнгги ўзгаришларни уруш тарафдорларига қандай тушунтириши борасидаги фикрларини жамлади.

«Реал натижалар йўқ»
Григорий Голосов, политолог

Голосов Истанбулдаги учрашувдан кейин музокараларнинг дастлабки натижалари ҳақида гапиришга ҳам ҳали эрта деб ҳисоблайди.

Реал натижалар йўқ экан, ҳозирда икки томон ҳам ўз ғалабаси ҳақида айтиши мумкин. Икки томон ҳам музокаралар жараёнига содиқлигини намойиш этишга уринмоқда ва Россия буни кўз-кўз қилишни афзал кўрмоқда. Катта эҳтимол билан, улар шу тариқа санкцияларнинг янги пакетидан қочишга уринмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги Киевга қарши фаол ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги баёноти - «бу Россия мазкур йўналишда ҳарбий ҳаракатларни ўтказа олмаслиги фактининг тасдиқланишидир», дея ишонч билан айтади эксперт.

Голосовнинг нуқтайи назарига кўра, Россиянинг дастлабки режаси иш бермаган, шунинг учун энди Кремль россияликларни керакли натижаларга эришилганига ишонтириш учун қўйилган вазифаларни «орқа сана» билан ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.

«Ушбу кампания моҳияти аввалбошдан яққол аниқ эди - у бир неча кун ичида Украинани мағлуб этиш, у ерда қўғирчоқ ҳукуматни ўрнатиш ва бу ҳукумат билан Россия айтадиган шартларда шартномалар тузиш эди. Бу режа шунчаки ишламади. Ва энди Россия раҳбарияти қандай қилиб бўлса ҳам ўз аҳолисига маъқул келадиган мақсадларни шакллантириш йўлларини қидирмоқда», дея қайд этади Голосов.

Экспертнинг фикрича, «ижтимоий тармоқларда операцияни қўллаб-қувватлаб ёзаётган» тарафдорларининг асосий қисмини Кремль ташвиқот орқали қўйилган мақсадларга эришилганига ҳам ишонтира олади.

«Улар унчалик маълумотга эга эмаслар, улар пропагандага мойил бўлишади ва кўпинча бу операция ҳақида пропагандачилар айтадиган гапларни қабул қилишга тайёр бўлишади. Шунинг учун мен Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларининг ҳозирги тарафдорлари орасида кенг кўламда кескин норозилик уйғонишини кутмайман, ҳеч бўлмаганда яқин кунларда», дея қайд этади политолог.

Аммо тарафдорлар орасида яхши маълумотга эга ва Россиянинг олдиндан эълон қилган йўналишларини қўллаб-қувватлаган қатлам ҳам бор.

«Бу одамлар операциянинг дастлабки мақсадлари қандай бўлганини яхши билишади ва мен ўйлайманки, агар Россия бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини тан олса, улар жуда қаттиқ ранжишади. Операциянинг бундай фаол сиёсийлашган тарафдорлари Россия раҳбариятига хавф туғдириши мумкин ва мамлакатда ички сиёсий вазият мураккаблашадиган бўлса, улар Россия махсус хизматлари эътиборини тортади, хизматлар эса бундай эҳтимолий таҳдидни зарарсизлантиришга ҳаракат қилади», дея хулоса қилади эксперт.

«Бурилиш лаҳзаси»
Кирилл Рогов, политолог

«Биз кампанияда маълум бурилиш нуқтаси ва Россия томонидан вазиятни юмшатиш бошланишини кўрмоқдамиз. Бу ҳарбийларнинг баёнотларида ҳам яққол кўринмоқда, бу баёнотлар камида ҳозирги босқичда Россия Киевни олиш режасидан воз кечиб, эътибор Донецк ва жанубдаги фронтларга қаратилганини кўрсатмоқда.

Музокаралардаги гаплар сулҳ шартларига ўхшамоқда, бу ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим тузиладиган ҳолат, томонлар ўз чегараларини турлича талқин қилади ва бунга кўз юмиб, келишишади. Шунинг учун бу узоқ муддатли келишув эмас, ўт очишни тўхтатиш шартлари бўлиши мумкин. Масалан, «Минск-2» шундай тузилганди. Шу маънода бу, албатта, анча далда берувчи воқеа, аммо барча масала Россия томони шарқ ва жанубдаги мақсадларини қандай талқин этишига бориб тақалади.

Кўриниб турибдики, бу мақсадлар Донбассга тўлиқ эгалик қилиш ва Қримга қуруқликда йўл очишдан иборат. Бу масала ҳозирча тушунарли эмас ва сулҳ тузилиши томонлар мавжуд статус-квони қандай талқин қилишларига боғлиқ, аммо умуман олганда, бу бутун кампанияда сезиларли бурилиш ва бу умидлантиради. Катта эҳтимол билан ушбу муаммоли ҳудудлар истисно қилинганда Украинанинг катта қисмида вазият юмшайди.

Россияда расмий нуқтайи назарни қўллаб-қувватлайдиган ва бу ҳарбий кампаниянинг ақлга мувофиқлигига далиллар келтиришга уринадиганлар ҳам, менимча бу кескин босқич якунланишини кутишмоқда. Шу маънода тинчлик бўйича битимлар ва турли баёнотлар енгил қабул қилинади. Одамлар бу муваффақият эмаслигига кўз юмишади ва кампания натижаси ноаниқ қолиши ҳеч кимни хавотирга солмайди.

Хасавюрт келишуви [Биринчи чечен урушига чек қўйган 1996 йилги сулҳ] ҳам Россияда анча ижобий қарши олинганди. Ўшанда ҳам россиялик ҳарбийлар амалда мағлубиятга учраган, катта йўқотишлар бериб, Чеченистон устидан назорат ўрната олмаганди - ва барча ҳаммаси тугаганидан енгил тин олганди.

Бир неча йил ўтиб реванш олиш истаги юзага келиши бошқа масала, аммо яна бир бор қайд этаманки, бугунги кунда пайдо бўлаётган келишув, бу шартнома эмас. Бу ўт очишни тўғрисидаги келишув - томонлар ўз позицияларини, назорат ҳудудлари ва чегараларни турлича талқин этишади, аммо ўт очишни тўхтатиш учун бу фарқларга шунчаки кўз юмишади.

«Ноаниқ баёнотлар ва риториканинг ўзгариши»

Сэмюэл Грин, Лондондаги King's College қошидаги Россия институти директори

Сиёсий хулосаларни фронтда бирор ўзгариш бўлганидан кейин бериш мумкин.

Чунки исталган нарсани айтишингиз, узоқ вақт давомида айтишингиз мумкин, аммо бунда ҳақиқат улуши жуда кам бўлади. Шунинг учун ноаниқ баёнотлар ва риториканинг ўзгаришига асосланиб, қандайдир хулосалар чиқаришга шошилмаслик керак.

Бир ҳафтадан буён талабларни юмшатиш томон тенденция кетаётганди. Ҳозирда Москва режимни ўзгартиришни талаб қилишда давом этаётгани, Москва «денацификация» талаб қилаётгани ҳақидаги гаплар тобора камроқ янграмоқда. Энди жанговар топшириқларнинг муҳим қисми бажарилгани ҳақида баёнотлар бўлмоқда.

Уруш тезроқ якунланишига умид қилиш мумкинми? Мумкин, аммо умид қилиш керак эмас. Ахир бу уруш умуман бўлмаслиги ҳақида кўп гапирилганди. Украина ва унинг Ғарбдаги ҳамкорлари бу шунчаки нафас ростлаш ва қайта ҳужум бошлаш учун тактика деб қўрқишади.

Яна бир жиҳати бор - бу музокаралар жараёни айнан нима бўйича кетаётгани маълум эмас. Одамларни ўлдиришни тўхтатиш учун сулҳ тузиш ҳақида гаплар бор ва бу яхши. Аммо бу тинчлик ва умуман можарони ҳал қилиш учун музокаралар эмас. Музокаралар аслида ҳозирда россиялик ҳарбийлар бўлиб турган, улар 24 февралдан кейин эгаллаб олган шаҳар ва ҳудудлар бўйича бўлиши керак.

Ғарбдаги доираларда, эҳтимол Киевда ҳам шундай хавотир борки, музокаралар шартли «Минск-3» билан якунланади ва барчани кўп йиллар давомида можаро қайта тикланишини кутиш ҳолатида бўлишга мажбур қилади. Бу эса, албатта, Украина учун барқарор тинчлик рецепти эмас.

«Кремлда танлов йўқ»
Аббас Галлямов, политолог

«Ҳозир ҳукумат тарафдорлари икки лагерга бўлинган. Тўртдан уч қисми Истанбулдаги хабарлардан хурсанд, тўртдан бири ғазабга минган. Камчилик қисми бўлаётган ҳодисаларни «хоинлик» деб атамоқда.

Хурсанд бўлаётган кўпчилик, албатта, рус армияси ва рус дипломатиясининг ютуқларидан ҳайратга туша олмайди, аммо ҳозирги даҳшат тез орада тугаши мумкинлигидан қувонч мавҳум «ватанпарварлик» мулоҳазаларидан устун келади. Келгусида бу кўпчиликда ҳам саволлар кўпаяди.

Кремль, албатта, барчасини тушунади, аммо унда танлов йўқ. Украинада тезкор ғалабага эришишнинг имкони бўлмади, ҳозирги «махсус амалиёт»ни ўзига хос адоқсиз афғон урушига айлантириш эса режада бўлмагани аниқ. Бир вақтлар Афғонистон советлар иттифоқининг легитимлигини тугатганидек, Украина билан ҳарбий қарама-қаршилик узоқ давом этиши Путин режимини ҳам қулатган бўлар эди.

Нима бўлганда ҳам, бугун Россия томони намойиш этаётган адекватликни олқишлаш мумкин. Бу мажбурий характерда бўлаётганига қарамай…»

«Эҳтиёткорона оптимизм»
Андрей Кортунов, Россия халқаро ишлар кенгаши

Бу кутилганидан ҳам яхшироқ. Буни мудофаа вазирлигининг сўнгги баёнотлари контекстида кўриб чиқиш керак - Киев-Чернигов йўналишларида ҳарбий фаолликни камайтириш ҳақидаги. Шойгу операциянинг биринчи босқичи ниҳоясига етаётгани ва энди эътиборни Донбассни озод этиш вазифасига қаратиш мумкинлигини айтди.

Эҳтимол, буларнинг бари Россия позициясидаги янги даражадаги мослашувчанликдан дарак. Бу эса эҳтиёткорона, такрорлайман, эҳтиёткорона оптимизм уйғотади.

 

Мавзуга оид